Зарина Низомиддинова оиласи, услуби ва нимадан қўрқиши ҳақида...

11:22, 13 июнь

Янги “Қисқа ва лўнда” деб номланган лойиҳамизда машҳурларнинг қизиқишлари  ҳақида билиб олишингиз мумкин. 
 

ГАРДЕРОБ
Либос танлашда доим қомат мос бичимларга эътибор бераман. Бошқаларга ҳам шуни тавсия этаман. Гардеробимда кенг бичимдаги кўйлаклар деярли йўқ. Шунингдек, машҳур брендларнинг кийимларини ҳам камдан кам ҳолларда кияман, ўзим фасон ўйлаб тўпиб, тиктиришга одатланганман. 

ҚЎРҚУВ
Болалигимда ҳеч нарсадан қўрқмайдиган жуда шўх қиз бўлганман. Аммо ёшим улғайгач, қоронғуликдан жуда қўрқадиган бўлдим. Айниқса, кутилмаганда уйда чироқ ўчиб қолса, ваҳимага тушиб қоламан. 

ТАОМ
Таомномамда гўштли таомлар кам. Масалан, мастава, мошхўрда ёки ошни ҳам гўштсиз ейман. Салатларга ҳам  товуқ ёки балиқ гўшти қўшишни маъқул кўраман. 

КУМИР
Моника Белуччи ва Одри Хепберннинг ижоди, ташқи кўринишига жуда ҳавас қиламан. Ҳатто ўзимни тутишда ҳам шу икки актрисага бироз тақлид қилганман (кулади). 

ОИЛА
Ўғлим Темурхон иккинчи синфни битирди. Насиб қилса, яна икки ўғил ва бир қизим бўлишини ният қилганман. Шунда уч ўғилнинг ичида бир қизим маликалардек  эрка бўлиб ўсади. Ҳатто уларнинг қайси касбни эгаллашишларини ҳам режалаштириб қўйганман. Масалан, битта ўғлим албатта спортчи бўлади. Уни чемпион бўлишини орзу қиламан. Қолган фарзандларим эса чет элда ўқиб ўз касбининг малакали мутахассислари бўлишади. 

ГЎЗАЛЛИК
Юз ва соч парваришида оддий муолажаларни қўллайман. Сочимга икки ҳафтада бир марта қаттиқ ва тухум сариғини суртиб тураман. Момоларимиздан қолган бу рецепт жуда фойдали. Турли тадбир, тасвирга олиш ишларида профессионал пардоздан фойдаланман, лекин кундалик ҳаётда фақат лаб бўёғи билан кифояланаман.

ҲОРДИҚ
Ишдан, ҳаётий ташвишлардан чарчаган пайтларим ёки депрессияга тушганимда саёҳат қилишни яхши кўраман. Аммо бу йил ёзни хорижда ўтказиш ниятим амалга ошмайдиган кўринади, чунки ижодий ишлар билан бандман. Саёҳат учун фақат иссиқ мамлакатларни танлайман. Табиатан совуққа йўқроқман...

Алия СУЛАЙМАНОВА

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!