Францияда Абу Али ибн Сино мукофоти таъсис этилди

14:21, 13 июнь

Францияда буюк аллома Абу Али ибн Сино номли халқаро мукофот таъсис этилди. Унинг таъсис этилишдан мақсад олимнинг тиббиёт, фалсафа ва маданият соҳаларида қолдирган меросини янада ривожлантириш, келажак авлодга етказишдир, деб хабар берди “Жаҳон” ахборот агетлиги.   

“Мукофот халқаро илмий жамият вакилларига, тиббиёт соҳасидаги экспертларга, шунингдек, алломанинг тиббиёт соҳасидаги ғояларини ҳозирги кунда татбиқ этаётган, ўрганаётган ташкилотларга берилади”, деб маълумот берди Франция ва Ўртаер денгизи ҳудуди маданият ва маорифга оид  илмий тармоқларини ўзида жамлаган “Программа MED21” ассоциацияси президенти, профессор Муҳаммад Нодир Азиз. 

Мукофотларни топшириш маросими Франциянинг Миллий тиббиёт академиясида бўлиб ўтди. “Программа MED21”, “Авиценна-Франция” ва Франция тиббиёт академияси вакилларидан иборат ҳакамлар ҳайъатининг қарорига мувофиқ унинг илк лауреатлари деб қуйидагилар топилди: •  Пьер Морель (Франция),  “Фарос” обстерваториясининг маданий ва диний плюрализми директори, элчи, Евроиттифоқнинг Марказий Осиёдаги собиқ махсус вакили;

•  Қодиржон Кескинбора, Бохчасехира тиббиёт Университетининг тарих фанлари бўйича профессори (Туркия);
•  Жуль Янссенс, Лувен университети профессори (Бельгия);
•  Мериям Себти,  илмий тадқиқотлар Миллий маркази илмий ходими (Франция);
•  Ўзбекистон фанлар академияси;
•  “Ибн Сино” жамоатчилик жамғармаси (Ўзбекистон).

“Ибн Сино номли мукофотнинг таъсис этилиши оламшумул воқеалардан биридир, – деди француз сенатори, собиқ бош вазир Жан-Пьер Раффарен “Жаҳон” Ахборот Агентлигига берган интервьюсида. – Бу мукофот Европа, Ўртаер денгизи ва Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида илмий ва маданий меросни алмашиш йўлида катта ишларни бажаришга туртки бўлади. Мукофотнинг олдига қўйган вазифаси жуда ҳам улкандир”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!