Рўзадорларга тавсия этиладиган тўйимли таомлар

14:46, 13 июнь

Рамазон ойининг ёзнинг иссиқ кунларига  тўғри келиши рўза тутишни ният қилганларда бироз ҳадик уйғотаётган бўлиши мумкин.  Аммо сиз бундан ташвишга тушманг. Саҳарда ўзингиз учун қувват ва чанқоқбосди бўладиган таом ва ичимликларни танлай олсангиз бас. Бунда эса биз сизга момоларимиз маслаҳатларига таянган ҳолда кўмакдош бўламиз.

Саҳарлик учун

ГЎЖА ОШИ

Ушбу таом саҳарлик учун жуда маъқул. Чунки у ўзининг витаминга бойлиги, тўйимлилиги ва ташналикни чақирмаслиги билан аҳамиятли.

Масаллиқлар: 500 гр. гўшт, 300 гр. тайёрланган жўхори, 100 гр. ёғ, 2 бош пиёз, ўртача катталикда 2 донадан картошка ва шолғом, таъбга кўра кашнич ва райҳон боғлами.

Аслида гўжа оши учун дўконларда сотиладиган ярим тайёр жўхорини ишлатган маъқул. Агар жўхорини ҳам ўзингиз тайёрламоқчи бўлсангиз, қўқонжўхорини пўсти яхши ажралиши учун оз-оз сув сепиб, келида туясиз. Туйилгандан кейин совуқ сувда яхшилаб ювиб, ивитиб қўйинг.

Қозонга ёғ солиб, қизигач аввал майда тўғралган гўштни, сўнг пиёзни солиб, яхшилаб қовурасиз. Сўнг сув қуйиб, тайёр ивитилган жўхорини солинг. Таом 45 дақиқа қайнагач, тўртбурчак шаклда майда тўғралган картошка ва шолғомни қўшинг. Гўжа ошига масаллиқларнинг барчаси пишгачгина туз солинади.

Тайёр таом косаларга сузилгач, устига майда тўғралган кашнич ва райҳон сепишни унутманг.

БОДРОҚ ТАЛҚОН
 
Зарур маҳсулотлар: 500 гр. донга 200 гр. қанд.

Тайёр қовурилган бодроқни қанд билан биргаликда келида туйинг. Сўнг уни яхшилаб элакдан ўтказинг. Талқонни саҳарлик таомидан сўнг сут, чой ёки қаймоққа аралаштириб истеъмол қилиш мумкин.

Ушбу талқонни худди шу йўсинда қовурилган буғдой, қўқонжўхори ёки қотган нондан ҳам тайёрлаш мумкин.

Ифторлик учун

ДАРМОН ШЎРВА

Бу таом айни ифторликка мосдир. Сабаби, у кун бўйи оч юрган ошқозонга қаттиқ ботмайди ва тананинг сувга бўлган эҳтиёжини ҳам қондиради. 
 
Масаллиқлар: 800 гр. товуқ гўшти, ток, ялпиз, отқулоқ, шовул, райҳон баргларидан ҳаммаси бўлиб 100 гр. 2-3 дона лавр япроғи, 200 гр. гуруч ва 150 гр. қаймоқ.

Товуқ гўштини сувга солиб, қайнатма шўрва каби қайнатасиз. Гўшт пишай деганида гуручни ювиб солинг. Суюқ таом тайёр бўлгач, барча баргларни йирикроқ тўғраб қозонга ташланг ва беш дақиқа қайнатинг.

Дармон шўрва косаларга сузилгач, бир қошиқ қаймоқ қўшилиб дастурхонга тортилади.

ТУРШАК СУВИ

Масаллиқлар: 1 кг. туршак ва уч литр сув.

Ўрик туршагини яхшилаб ювиб, сирли идишга солинг ва устидан сув қуйиб қайнатинг. Қайнаш жараёнида туршак юмшагач, оловдан олиб совитинг. Туршак суви совигач, дока ёрдамида сузиб олинг. Тайёр шарбатни совуқ ҳолда саҳарликда ҳам, ифторликда ҳам ичса бўлади. У юракка қувват, танага дармон бериш билан бирга чанқоқни ҳам қондиради.

Рўзадор учун   5 муҳим эслатма

•    Истеъмол қилманг: ёғли ва қовурилган таомларни, қанд миқдори кўп булган махсулотларни!
•    Четланинг: саҳарлик вақтида кўп еб қўйишдан, кўп миқдорда сув ичишдан (бунинг оқибатида кун давомида организмни тонусда ушлаб турувчи минерал тузлар чиқиб кетади) 
•    Чекманг! Агар бу одатингизни ташлай олмасангиз, унда Рамазондан бир неча ҳафта олдин чекишни камайтириб боринг. Чекиш соғлиқ учун зарар, чекишни ташланг!
•    Сахарлик вақтида тановул қилинг: мураккаб углеводлар, хурмо – қанд, углевод,  калий, магнийнинг ажойиб манбаи; бодом – протеинлар ва толасимон моддаларга бой, ўзида кам ёғ сақлайди; банан – калий, магний, углеводлар манбаи.
•    Ичинг! Организмда сувнинг нормал миқдорини ушлаб туриш учун ифтор ва уйқу орасида кўпроқ сув ва шарбатлар ичинг.

Севара Нишонова тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!