ДАИШ террорчилари Францияда полициячи ва унинг рафиқасини ўлдирди

10:19, 14 июнь

Париж яқинида полициячининг оиласига нисбатан бўлган ҳужумни “Ислом давлати” террорчилик гуруҳи ўз бўйнига олди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

“Ислом давлати” террорчилик гуруҳи жангариси Ле-Мюре шаҳрида полиция маҳкамаси бошлиғи ва унинг рафиқасини ўлдирган. Манбанинг маълумот беришича, жиноятчи сўроқ қилинганда “Ислом давлати” террорчилик гуруҳига содиқлигини билдирган. Гувоҳларнинг айтишича, қотил полициячига ташланганда “Аллоҳу акбар” деб бақирган.

13 июнь куни кечқурун Маньанвил шаҳрида (Ивелин департаменти, Иль-де-Франс ҳудуди) жиноятчи ёнида ўғли ва рафиқаси бўлган полициячига ташланиб, унга тўққиз маротаба пичоқ урган. Кейин полициячининг уйига яшириниб олган. ОАВларнинг маълумот беришича, жиноятчи полициячининг қўшниси бўлган, аммо бу хабар расман тасдиқланмаган. 

Воқеа жойига Франция миллий полиция бўлинмаси ходимлари етиб келишган. Жиноятчи қўлга олиш жараёнида йўқ қилинган. Жиноят содир этилган жой кўздан кечирилганда аёлнинг жасади топилган, уч ёшли боланинг эса ҳаёти хавф остида эмас. Ҳалок бўлганларнинг шахсига аниқлик киритилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!