Бешқайрағочда юз берган автобус иштирокидаги ЙТҲ сабаблари маълум қилинди

11:02, 14 июнь

9 июнь куни Тошкент шаҳридаги Бешқайрағоч мавзесида 53-сонли автобус иштирокида йўл-транспорт ҳодисаси содир бўлгани ҳақида хабар берган эдик.  

“Новости Узбекистана” нашрининг маълум қилишича, ЙТҲ автобус ҳайдовчисининг ўзини ёмон ҳис этиши оқибатида юз берган. 

9 июнь куни, соат 9:00 да №53 сонли йўналиш бўйича йўлга чиққан Mersedes русумли автобус Бешқайрағоч мавзесида электр устунга бориб урилган. Оқибатда устун автобус салонининг ярмигача кириб кетган. Бир неча йўловчи тан жароҳати олган. Ўша куни ЙТҲ суратлари ижтимоий тармоқда анча шов-шувларга сабаб бўлди, аммо ЙТҲнинг аниқ сабаби ҳақида ахборот берилмаган эди.

Душанба куни “Новости Узбекистана” нашри мухбирига №18 автобус парки директор ўринбосари Жавоҳир Аҳмедов ЙТҲнинг расмий экспертиза хулосаларини ҳали олмаганлигини билдирган. Куннинг ҳаддан зиёд қизиб кетганлиги оқибатида ҳайдовчи ўзини ёмон ҳис қилиб, бошқарувни назорат қила олмаган. Унинг маълумот беришича, ҳайдовчи тезликни оширмаган, ЙТҲ пайтида тезлиги соатига 51 километр бўлган, автобус салонида 15 нафар йўловчи бўлиб, улардан 4 киши тан жароҳати олган, қурбонлар бўлмаган.

Жавоҳир Ахмедов ҳайдовчининг тақдири расмий экспертиза хулосалари олингандан кейин ҳал бўлишини таъкидлади, ҳозирча у вақтинча ишдан четлатилган. Агар экспертиза хулосалари унинг айбдорлигини тасдиқлайдиган бўлса, ҳайдовчи ишдан бўшатилади. Шу билан бирга, Ж.Ахмедов автобус таъмирланаётганлигини, яқин кунларда қайта тикланиб, йўналишга чиқишини ҳам айтиб ўтди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!