Фарғоналик фермерлар туман ҳокимининг йўл қўяётган адолатсизликларидан шикоят қилишди

16:03, 14 июнь

“Даракчи” газетасига Фарғонанинг Фурқат туманидаги Ҳайит ва Шунқор қишлоғидан фермерлар Ғ.Бектошев ва Ў.Аннамуратовлар Фурқат тумани ҳокимининг тендер асосида фермерларга ер участкасини беришда йўл қўяётган адолатсизликларидан шикоят қилиб келишди. 

Уларнинг айтишича, туман ҳокимининг адолатсизликлари ҳақида бир қатор давлат бошқаруви органларига ва ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаат қилишган, аммо уларнинг мурожаатлари юқори тузилмадан қуйи тузилмага бириктирилганча қолаверган холос.

Биргина туман прокуратураси мурожаат бўйича ишни ўрганиб протест киритишга ҳадди сиғган-у, аммо бу протест туман ҳокими учун заррача аҳамият касб этмаган. Хўш, ҳатто туман прокуратурасининг киритган протестига ҳам панжа орасидан қарашга ҳадди сиғган туман ҳокими нега фермерларнинг муаммосига ечим топмаяпти? Наҳотки туман ҳокимининг қилаётган иши-ю, чиқараётган қарори борасида протест киритишда туман прокуратураси адашган бўлса? 

Хўш, туман ҳокимининг қарорлари адолатли, халқ манфаати учун ишлаб чиқилаётганини ўрганиб, ғалвирдан кўтарадиганлар бўлмаса... Ҳозирча бу мавзу юзасидан бир чимдим илиндик, фермерларга ер беришда ўтказилаётган тендерда адолатсизликларга йўл қўйилаётгани борасида ҳокимнинг қарорларини Бош прокуратура ўзи назоратга олиб, муаммога ечим топармикан? 

Ана шунга ечим топиш учун биз мурожаатни Бош прокуратурага йўналтирдик, Бош прокуратура ушбу мурожаатни ўрганиш жараёнида маҳаллий давлат бошқаруви органида қандай назорат ўтказади, буни “Даракчи” газетасининг навбатдаги сонларида билиб оласиз. Ҳозирча эса Чирчиқдаги ичимлик суви масаласи ва Қашқадарёнинг Қамаши туманида кўприк қурилишида мурожаатчиларнинг аризалари қандай ечим топгани ҳақида 16 июнь куни сотувга чиқадиган “Даракчи” газетасининг 24-сонида ўқинг. 

Сизда бирор муаммо юзага келдими? Ўзингизнинг ҳудудингизда ечимини кутаётган масалалар бўйича эса “Даракчи” газетасининг “Эркин минбар” саҳифасига ёзинг. Сиз ёзинг, биз ечим топишга кўмаклашамиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!