“Ўзимизнинг рекордлар”да Озодбек Назарбеков қандай рекорд ўрнатди?

16:15, 14 июнь

Мазкур лойиҳамиз эълон қилина бошлагач, таҳририятимизга қўнғироқ қилиб, ўзларининг ҳар хил коллекциялари, ғаройиб хусусиятлари, истеъдоди ҳақида айтиб бераётган, мактублар йўллаётган мухлисларимиз сафи кенгайиб бормоқда. Бу гал таҳририятимизга Нилуфар Исроилова ўғли Отабек Тоҳиров билан кириб келишди. Уларнинг қўлида эса, юртимизнинг таниқли санъат юлдузлари дастхати туширилган ва суратлари жойлаштирилган альбомлар. 

— Мен ёшлигимдан санъатни яхши кўрардим ва санъаткор бўлишни орзу қилардим,  — дейди Нилуфар Исроилова. – Шу боис машҳур санъаткорлар билан суратга тушар, улардан дастхат олиб қолишга ҳаракат қилардим. Бу ишни бошлаганимга 17 йил бўлди. Ҳозирда машҳур инсонлар билан тушган суратларим сони юзга яқин. Дастхатлар эса, 150 дан ошди. Айни пайтда менинг ушалмаган орзуйимни ўғлим рўёбга чиқаришига ишонаман. Айни пайтда у ҳам машҳурлар билан суратга тушиб, дастхат тўплашга жуда ҳам қизиқади. 

Нилуфар Илҳом Фармоновнинг ашаддий мухлисаси экан. Айни пайтда унинг коллекциясида Илҳом Фармоновнинг бир қанча дастхати ва бирга тушган суратлари бор. Шунингдек, унинг “хазинаси”дан Валижон Шамшиев, Шукурулло Исроилов, “Сетора”, “Хўжа” гуруҳлари, Озода Нурсаидова, Раъна Ярашева, Хосият Ҳусанова, Насиба Абдуллаева, Лола Аҳмедова сингари эл ардоғидаги санъаткорлар, шунингдек, Нуриддин Ҳайдаров, Шаҳнозабону сингари марҳум хонандаларнинг дастхатлари ўрин олган.

Нилуфар Исроилова айни пайтда пойтахтимизнинг Олмазор тумани Сағбон кўчасида истиқомат қилади. У фарзанди билан бирга  келгусида яна кўплаб машҳур санъаткорлар, ҳатто хорижлик юлдузларнинг дастхатларини тўплаш ниятида. 

Эҳтимол Отабек онасининг ушалмаган орзусини амалга ошириб, келажакда машҳур санъаткор бўлар, ўшанда ундан ҳам худди шу сингари дастхат олишар, суратга тушишар?!

Аммо бу каби рекордчилар сафидан Ўзбекистон Халқ артисти Озодбек Назарбековни ҳам жой олганига нима дейсиз? 

Хўш, халқ артисти қандай рекорд ўрнатгани билан қизиқяпсизми? Унда “Даракчи” газетасининг 16-июнь куни сотувга чиқадиган янги сонини ўтказиб юборманг. Бу саволга ўшанда жавоб топасиз.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!