АҚШда аллигатор сув тагига тортиб кетган боланинг жасади топилди

11:21, 16 июнь

Флорида ҳукумати болага ҳужум қилган аллигаторни топиб, йўқ қилишга қарор қилди, деб хабар берди “Тass.ru” нашри.

Қидирув операцияси иштирокчилари Орландо шаҳридаги Walt Disney World кўнгилочар мажмуасида аллигатор сувга тортиб кетган икки ёшли боланинг жасадини топишди. Бу ҳақда Оринж округи шерифи Жерри Демингс матбуот анжуманида маълум қилди. 

“Жасад ғаввослар томонидан сув тагидан топилди. Ҳозирда жасад тиббий экспертизага юборилган”, деди шериф Жерри Демингс. 

Демингснинг айтишича, боланинг исми Лэйн Грэйвс бўлган. Унинг ота-онаси Мэтт ва Мелисса Грэйвс Флоридага дам олиш учун Небраска штатидан келган. Сешанба, аллигатор ҳужум қилган куни бола Walt Disney World меҳмонхоналаридан бирининг олдидаги кўл бўйида сайр қилган. Боланинг отаси уни аллигатордан қутқаришга ҳаракат қилган, аммо ярадор бўлган, аллигатор эса болани сув тагига тортиб кетган.

Флорида штати табиатни муҳофаза қилиш бошқармаси раҳбари Ник Уайэли матбуот анжуманида аллигаторни топиб, йўқ қилишга ваъда берди. Walt Disney World ходимлари келажакда бундай ҳалокатнинг олдини олиш учун тегишли чора-тадбирлар кўриши лозимлигини таъкидлади. Хавфсизлик мақсадида ҳозирда курортдаги барча пляжлар ёпилган. 

Воқега ОАВлар катта эътибор қаратди, бу ҳодиса шов-шувларга сабаб бўлди. Болани қидиришда ҳуқуқ-тартибот идораларининг 50 мингдан ортиқ ходими иштирок этди. Тадбирга денгиз пиёдаларининг вертолётлари ва гидроакустик ускуналари бўлган икки бўлинмаси жалб қилинган.

Флорида штати табиатни муҳофаза қилиш бошқармасининг берган маълумотларига кўра, 2010 йилда аллигатор одамларга 40 маротаба ҳужум қилган бўлса, 2015 йилда эса икки кишининг ҳалок бўлишига сабаб бўлган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!