Яқин 50 йилда аёллар қай даражада ўзгаради?

12:48, 16 июнь

50 йилдан кейин аёллар қай даражада ўзгариши ҳақида олимлар бугун жавоб беришга ҳаракат қилишмоқда. Вақт бир жойда тўхтаб турмайди, ривожланиш давом этади, шу билан бирга аёллар ҳам ўзгариб боради. Улар бугунгидан ҳам гўзал бўлади, дейди “Interesno.cc” нашри. 

Хельсинки университетида Маркус Йокела етакчилик қилувчи бир гуруҳ олимлар келажакда аёллар ҳозиргидан-да, гўзал бўлади деган хулосага келишди. 

Тадқиқотчилар қонуниятга асосланган тенденцияни аниқлашди, унга кўра чиройли аёллар бошқа аёлларга қараганда 16 % кўпроқ фарзандни дунёга келтиради, уларнинг боласи ҳам, айниқса қизлари чиройли бўлади.

Шу зайлда вақт ўтган сари гўзал аёллар сони ошиб боради. Бу тенденция эркакларга тегишли эмас.

Аёллар сони ортади 

Сатоши Каназама Лондон иқтисод мактабининг эволюцион психология мутахассислари томонидан ўтказилган тадқиқотлар агар эр-хотин чиройли бўлса, улардан туғиладиган қиз ҳам гўзал, ҳам қиз туғилиш эҳтимоли юқори бўлар экан. Шундай қилиб, 50 йилдан кейин эркакларга нисбатан аёллар сони сезиларли даражада ошади. 

Бўйлари пасаяди 

Йель университети эволюцион жараён мутахассиси, биология фанлари профессори Стивен Стирнс раҳбарлигидаги гуруҳ ўтказган тадқиқот натижасида келажак аёллари ҳозиргидан кўра паст бўйли ва вазни ҳам оғирроқ бўлишини маълум қилди. Улар Массачусетс штатидаги Фрэмингхем шаҳридаги 14 минг аёлнинг тиббий карталарини ўқиб-ўргандилар. Олимлар аёлларнинг бўйига, вазнига, қон босимига, холестерин миқдорига эътибор қаратишганда, буларнинг барчаси улар дунёга келтирган фарзандлари сонига боғлиқ эканлигини аниқлашди.  

Тадқиқот кутилмаган хулосага олиб келди, бўйи паст ва оғир вазнли аёллар бўйи узунларга қараганда кўпроқ бола туғар экан. 

Агар бу тадқиқот хулосасига таянадиган бўлсак, келажакда аёлларнинг бўйи ўртача 2 сантиметрга камайиб, вазни 1 килограммга ошади. Ўрта ҳисобда аёллар илк фарзандини 5 ой илгари дунёга келтиради, менопауза эса 10 ойга сурилади.

Бир-бирига ўхшайди 

Олимлар замонавий глобализация, иммиграция ва ассимиляция аёллар юз тузилишининг бир-бирига ўхшаб қолишига сабаб бўлади деган фикрга келди. Сепкил, кўк ва яшил кўзли инсонлар камаяди.

Аммо ирқлар бир-бири билан аралашиб кетмайди. Юз тузилишининг ўзгариши кўп омилларга боғлиқ бўлади.

Бу билан ҳамма аёллар бир хил қиёфага киради деган фикрдан йироқмиз. Бугунги кунда соч рангини, юз тузилишини, кўз рангини ўзгартириш муаммо эмас. Келажакда эса ҳали бола туғилмасданоқ ген инженерияси, таркибида бўёқ моддаси бўлган ҳужайралар ёрдамида боланинг ташқи қиёфаси дастурланади. 

Кўпроқ юқори лавозимда ишлашади 

Олимларнинг башорат қилишича, келгуси аср шартли равишда матриархат деб аталади. Аёллар юз йиллар илгари юқори мансабга эга бўлиш имкониятини қўлга киритганлар, йиллар ўтган сари улар тадбиркорликни йўлга қўйиб, бошқарувни ҳам қўлларига олганлар. 

Массачусетс технология университети тадқиқотчилари келажакда аёллар бошқарувни ўз қўлларига олади деган хулосага келди. Улар Ҳиндистонда аёлларнинг маҳаллий кенгашлардаги асосий лавозимларни эгаллашганини кузатгандан кейин шу қарорга келишди. Тадқиқотлар аёллар эркаклардан кўра ҳамқишлоқларига кўпроқ куюнишларини, пора олмасликларини исботлади. 

Аммо шунга қарамай, эркаклар ҳамон аёлларни қарорларида изчил, мантиқли фикрга эга бўлмаган шахс деб ҳисоблашади. Дунёнинг матриархал ёки патриархал тузумга эга бўлиши, уларнинг қай бири афзаллигини эса вақт кўрсатади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!