“Урганч” халқаро аэропорти 2015 йилнинг энг яхши аэропорти деб топилди

09:49, 17 июнь

Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси томонидан “Урганч” халқаро аэропорти 2015 йилнинг энг яхши аэропорти деб топилди. 

“Урганч” аэропорти бир йўла икки номинация, яъни “МДҲ давлатларининг 2015 йил учун энг яхши аэропорти” ва “Туризм соҳасига қўшган улкан ҳиссаси” номинацияларида ғолибликни қўлга киритди. Тадбирда Халқаро фуқаро авиациясининг “Аэропорт” ассоциацияси бош директори Виктор Горбачёв “Урганч” аэропорти раҳбариятига Ассоциация кубоги ва махсус дипломни топширди. 

2014 йилда аэропортда соатига 600 йўловчига хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлган иккита янги терминал ишга туширилди. Пул айирибошлаш шохобчаси, она ва бола хонаси, тиббиёт пункти, Duty-free дўкони ва кафетерийда замонавий шароит яратилган. 200 йўловчига мўлжалланган транзит, VIP, CIP заллари, экипаж учун дам олиш хонаси мавжуд. Терминалда сайёҳлар учун махсус ахборот хонаси жорий этилган. Улар бу ердан ҳудуднинг транспорт имкониятлари, меҳмонхоналар, умумий овқатланиш жойлари ҳақида ва бошқа зарур маълумотларни олиши мумкин. Бинода авиация хавфсизлигини таъминлаш мақсадида замонавий текширув ускунаси ўрнатилган. Аэропорт Париж, Милан ва дунёнинг бошқа шаҳарларидан келаётган кўплаб сайёҳларни қабул қилмоқда. Йўловчиларнинг хавфсизлигини таъминлаш ва юқори даражада хизмат кўрсатиш учун барча имкониятлар яратилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!