“Даракчи”да янги асар: Зулмат диёрида

12:41, 20 июнь

Низомжон мактабни ҳам коллежни ҳам аъло баҳоларда битирди. Университетга киришни астойдил кўнглига тукканди, аммо бу галча нияти амалга ошмади. Гарчи имтиҳондан ўтолмаган бўлса—да, кўнгли чўкмади. Демак, ҳали талабалик мақомига муносиб эмас экан, ҳали бироз жиддийроқ тараддуд кўриши керак экан. Янага йил албатта ўқишга киради. 
 

Гоҳида шундай деб ўзига таскин берадию, яна ҳафсаласи пир бўлади: Ахир ўқишга кираман деган одам эртаю кеч изланиши, тайёргарлик кўриши  керак эди. У бўлса...

Агар акасининг аллақайси гўрдаги ақидапарастнинг найрангларига лаққа тушини билганида, лафзсиз, бебурд деган олса—да, гапидан қайтиб, бу шаҳарга қадам босмаган бўларди. Ҳали ҳам кеч эмас.  Нима бўлса ҳам акасини бу йўлдан қфайтариб, Ватанга олиб кетолса бўлгани. У акасини яхши билади: ўта таъсирчан! Болаликдан қайсидир мультфильм ёки кино ёқиб қолса, анча пайт ўшанинг таъсиридан чиқолмай юрарди. Кичкиналик пайтларида Исомжон бир қараса,Ю Мауглига, бир қараса, тарзанга тақлид қилиб юрарди. Бир муддат терминаторга, яна бир фурсат “титаник”даги Жекка ҳавас қилиб юргани ҳам укасининг эсидан чиққани йўқ.

Наҳот акасининг иродаси шу қадар бўш? Наҳотки, анави “ҳожи ака”нинг уч тўрт маърузасини эшитиб, “мужоҳид”га айланиб олса? 

Кечамиди, ўтган кунимиди, Низомжон акасини хилватга тортиб, масалани кўндаланг қўйди. 

Ака, ҳожининг уйи битди ҳисоб. Тўртта  қандил билан деразага карниз ўрнатишни бизсиз ҳам эплашади. Ҳожидан пулни олайлигу тезроқ уйга қайтайлик.

Бу пайтда бошига худди Равшан ҳожи сингари оппоқ дўппи қўндириб, аллақандай юпқа китобни ўқиб ўтирарди. Мутолаага берилиб кетганидан бўлса керак, укасининг гапирганини дастлаб эшитмади ҳам.

Низомжон табиатан ўта сертавозе йигит. У акасининг чизган чизиғидан чиқмасликка ўрганган. Гоҳида акасиниг тутган йўли нотўғри эканини англаса, ётиғи билан унга тушунтирар, лекин барибир охир—оқибат акасининг айтгани бўларди. Бу гал унақа бўлмайди. 

—  Нима ўқияпсиз? – Низомжон акасининг қўлидаги оқ муқовали дафтарнусха нашрни тортиб олди. – Китобхонлик одатингиз борлигини билмаган эканма, ака!

Китобни варақлаб кўраркан, Низомжоннинг кўзи шокосасидан чиққудек бўлди. Унда... фақат ва фақат жиҳод ҳақида, хунрезлик ва уруш ҳақида сўз борарди. Низомжон худди лахча чўғни тутиб тургандек қўлидаги нарсани улоқтириб юборди.

—  Эсингизни йиғинг, ака! Сизга нима бўлди? – У шундай дея исможоннинг елкасидан тутиб силкитди. – Мен буларнинг мақсадини биламан, ака! Минглаб, юз минглаб бегуноҳларнинг қонини тўкиб, ҳукуматни қўлга олишни, юз йиллар аввалги ҳаётга қайтиб, ўзлари билгандек ялло қилиб яшашни исташади. 

Исможон елкаси устида турган укасининг қўлини нари сурди:

—  Укам, ақлинг етмаган ишга аралашма! – шундай полда тўнкарилиб ётган китобчани олиб кўзига сурди. – Сен ҳам анавиларга ўхшаб фикр юритяпсан, — дея эшикдан ташқарига имо қилди. – Ундан кўра, гуноҳларингга тавба қил. Мусулмон бўл!

—  Нима, сизнингча мен мусулмон эмасманми? – Низомжоннинг кўзларид ҳам ҳайрат, ҳам даҳшат акс этарди. – Ака бир гапни эшитганмисиз? Мушук ўз боласи егиси келса, аввал ўзини ўзи “бу сичқон” деб ишонтираркану, кейин уни паққос тушираркан. Биласиз, мусулмон учун мусулмоннинг қонини тўкиш ер юзидаги бутун инсониятни йўқ қилидек оғир гуноҳ эканини. Шунинг учун манави кимсалар – акасининг қўлидаги китобга ишора қилди Низомжон, — ўзларига қўшилмаган, уларга қарши чиққанларнинг барини кофирга чиқаришади, кейин эса, бемалол ўлдираверишади.

Шу онда ака-уканинг кўзлари тўқнашди. Низомжон акасининг маъносиз кўзларидан ҳеч нарса уқолмади,  Исомжон эса,  укасининг нигоҳларидаги мислсиз изтироб ва ҳадикни англамоқдан ожиз эди... 

Ёзувчи Фахриддин ЗАМОНнинг “ЗУЛМАТ ДИЁРИДА” асарини “Даракчи” газетасининг 23 июнда сотувга чиқадиган 25-сонида ўқишингиз мумкин.

Диққат, диққат! “Darakchi.uz"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан бохабар бўлинг!

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!