Ёқутистонлик аёл тайгада, айиқлар қуршовида фарзанд кўрди

10:32, 21 июнь

Ёқутистонда ғаройиб ҳодиса рўй берди. Айиқларга тўла тайгада кутилмаганда ҳомиладор аёлни тўлғоқ тутди. Агар врачлар ва полициячилар ёрдамга етиб келмаганда, воқеа қандай тус олиши даргумон эди, деб хабар берди “Deti.mail.ru” нашри.

Ҳомиласи 40 ҳафталик бўлган 26 ёшли Александра Матросова турмуш ўртоғи ва опаси билан балиқ овига жўнайди. Ўша ерда уни тўлғоқ тутади. Рафиқасини касалхонасига олиб жўнаган эркакнинг машинаси ботқоққа ботиб, ўчиб қолади. Александрани опаси билан тайгада қолдирган эри врачларни кутиб олиш учун пиёда йўлга чиқади.  

“Опам мобиль телефон орқали қутқарувчилар билан алоқада бўлди. Улар қандай нафас олиш, нима қилиш кераклигини телефон орқали айтиб туришди. Шундай қилиб, қуруқ ерда фарзандимни дунёга келтирдим”, дейди Матросова “Комсомольская правда” газетасига берган интервьюсида. 

Врачлар воқеа жойига бола туғилгандан икки соат ўтгачгина етиб келган. Улар дунёга келган қизалоқнинг киндигини кесиб, уни иситишга ҳаракат қилишган. Бу пайтда полициячилар айиқларни яқинлаштирмаслик мақсадида, ҳайдаб, ҳавога ўқ узишган. “Ҳозир айиқларнинг кўпайиш мавсуми бўлганлиги туфайли уларнинг энг хавфли пайтидир”, деди полициячилардан бири.  

Мирнин туман марказий касалхонаси бош врачи Татьяна Стручкованинг маълумот беришича, ҳозирда она ва боланинг соғлиги қониқарли даражада. Қизалоқ ҳам соғлом, унинг бўйи 52 сантиметр бўлиб, оғирлиги 3490 граммни ташкил этади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!