ШҲТ саммитини ёритишда хорижий ОАВдан 200 вакил қатнашади

10:40, 21 июнь

Тошкент шаҳрида 23-24 июнь кунлари Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ) Давлат раҳбарлари кенгашининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтади. ШҲТга Ўзбекистон Республикасининг раислиги доирасида саммит олдидан кенг кўламли тайёргарлик ишлари амалга оширилди. 

ШҲТ саммитини ёритишда Хитой, Россия, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Афғонистон, Ҳиндистон, Покистон, Беларусь, Эрон, Мўғулистон ва бошқа давлатлар оммавий ахборот воситаларидан икки юзга яқин вакил, мамлакатимиздан қарийб икки юз журналист қатнашади. 

ШҲТнинг Тошкент саммитини нафақат мазкур ташкилотга аъзо, кузатувчи, мулоқот бўйича шерик ҳамда меҳмон сифатида таклиф этилган мамлакатлар, балки бошқа кўплаб давлатларнинг оммавий ахборот воситалари, нуфузли халқаро нашрлар, ахборот агентликлари, интернет нашрлари ва телеканаллар вакиллари ҳам ёритиб бориш истагини билдиргани бунинг далилидир. 

Саммит доирасидаги тадбирларни кенг, сифатли ва тезкор ёритиш учун “Ўзэкспомарказ”да барча қулайликларга эга халқаро матбуот маркази ташкил этилди. Саммит кунлари журналистлар иш олиб борадиган ушбу марказ энг юксак талабларга жавоб берадиган замонавий техника – электрон намойиш стендлари, компьютерлар, принтерлар ва бошқа кўп функцияли қурилмалар, телефон билан жиҳозланган, юқори тезликдаги Wi-Fi ва симли тизимлар орқали Интернет тармоғига уланиш имконияти яратилган. 

Матбуот марказида саммит арафасида ва анжуман кунлари журналистларнинг тўлақонли ва самарали фаолият кўрсатиши учун барча зарур шароитлар яратилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!