Лас-Вегасда қамоққа олинган британиялик Трампга суиқасд уюштириш ниятида бўлганини айтди

12:01, 21 июнь

Республикачилар партияси томондан АҚШ президентлигига номзоди кўрсатилган Дональд Трамп тарафдорлари Лас-Вегасда ўтказаётган митинги пайтида қўлга олинган британиялик эркак бир йилдан бери Трампга қарши суиқасд ўтказишга тайёрланиб келганлигини тан олди, деб хабар берди “Gazeta.ru” нашри.

Британиялик Майкл Сэнфорд 18 июнь, шанба куни Лас-Вегасда ўтказилаётган митинг пайтида полиция ходимининг қуролини тортиб олишга ҳаракат қилган. Эркак қўлга олингандан кейин Трампга суиқасд уюштириш мақсадида Лас-Вегасга Калифорния штатидан келганлигини маълум қилган. Майкл Сэнфордда Британия ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлиб, у 18 ойдан бери АҚШ ҳудудида бўлган.  

Суд Сэнфордни гаров эвазига чиқаришдан бош тортди. Суд ҳужжатларида Сэнфорд Трампга суиқасд уюштириш мақсадида бир йилдан бери қулай вазиятни кутганлиги кўрсатиб ўтилган. Сэнфорд Лас-Вегасга келишдан илгари ўқ отиш полигонига бориб, аввал қуролдан фойдаланмаганлиги туфайли ўқ узишни машқ қилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!