Германияда энг катта бурун чемпионати ўтказилди

16:52, 21 июнь

Германиянинг Лангенбрук шаҳрида энг катта бурунни аниқлаш бўйича чемпионат ўтказилди, деб хабар қилди “Lenta.ru” нашри.

Бу чемпионат ҳар беш йилда бир марта ўтказилиб, унда Европа мамлакатларидан келган иштирокчилар қатнашади. Бу танловда иккинчи маротаба Ханс Ройст (Hans Roest) исмли иштирокчи ғолиб деб топилган. Эркакнинг бурун параметри ҳақида сўз юритилмаса-да, унга “картошкасифат” деб таъриф берилган. Иштирокчилар учун ўзаро мулоқот ва хушкайфият мукофот ўрнини босган. Бурунлар чемпионати 1961 йилдан бери ўтказиб келинади, унда барча хоҳловчилар иштирок этиши мумкин. Мусобақанинг биринчи босқичида ҳакамлар ҳайъати ғолиб бўлиши кутилаётган инсонни аниқлаш мақсадида иштирокчиларнинг бурнини ўлчаб кўришади. Кимнинг бурни энига ва бўйига катта бўлса, ўша одам ғолиб деб топилади.

Иштирокчилар бурунларини ўлчатаётганда уни катталаштиришга ҳаракат қилишади. Масалан, австриялик Германн Мачтингер (Hermann Machtinger) бурнини катталаштириб, ғалаба қозониш учун тамаки ҳидлар экан.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!