Хосиятсиз кўчадаги ҳодисалар

16:27, 22 июнь

Таҳририятимизга мактуб йўллаб, ўзи гувоҳ бўлган сирли воқелик ҳақида ёзиб юборган Акбар ака бу оламнинг ҳайратомуз ҳодисаларига ўйлаб-ўйлаб сира жавоб топа олмагагани эътироф этган. Зеро дунёнинг ҳали биз тушуниб етмаган жумбоқлари кўп. Уларни англаш учун эса баъзан заковатимиз ожизлик қилади. 

Мен шу қишлоқда туғилиб ўсдим. Ёзнинг жазирамасида кўча чангитиб тупроқ кечишдан, қишнинг саратонида чана учишдан бўшамасдик. Эшигимиз шундоққина катта кўчанинг юзида бўлганидан тенгқурлар билан у ёқдан бу ёққа югуришиб, уйга кирмасдик.

Бир куни ҳамма ўйинларни ўйнаб чиқдик. Ҳар кунги бир хил машғулотдан чарчаб, қўшни маҳалла болалари билан футбол ўйнашга борадиган бўлдик. Лекин онам доим у маҳаллага бормагин, бехосият жой, деб тайинлардилар. Мен қабристон борлиги учун шундай десалар керак деб ўйлардим. Бугун нимагадир бу қоидани бузгим келди. Биздан катта-кичик болалар иккита жамоа тузиб, қизғин мусобақа бошладик. Бир соатлар чамаси югуришиб обдон ҳолдан тойдик. Лекин жамоамиз ютқизаётган эди. Шунда гуруҳимиздаги энг қизиққон бола Шавкат жонҳолатда дарвоза ўрнига қўйилган иккита тош оралиғига тўпни тепаман, деб рақиб жамоа аъзоси Воҳидни итариб юборди. Шу пайт гол ҳам бўлди-ю, қаттиқ чинқириқ овози ҳам қулоқларни қоматга келтирди. 

Воҳид қаттиқ йиқилиб қўлини синдириб олганди. Бу мен шу ерда кузатган биринчи нохуш ҳодиса эди. Кейинчалик анчагина кўнгилсизликларга гувоҳ бўлдим.  

Орадан анча йиллар ўтиб эшигимиз олдидаги тупроқ кўчалар машиналар тинимсиз қатнайдиган катта асфальт йўлларга айлантирилди. Ўша биз болалар билан футбол ўйнаган маҳалла кўчалари ҳам бетон қилинди. Энди у ерда болалар ўйнаши у ёқда турсин, йўлнинг нарига бетига ўтиш учун ҳам қатновнинг тўхташини кутишга тўғри келарди. 

Қабристон жойлашган кўчада эса тез-тез кўнгилсиз ҳодисалар бўлиб тураверди. Маҳалладагилар бунга деярли ўрганиб қолишганди. Шунчаки, “Бехосият жой-да”, деб қўйишарди холос. 

Ўша куни эндигина ўқишдан келиб, чойга ўтираман деб тургандим. Бир пайт укам Асқар ховлиққанча кириб келди.

—  Ака, ака, дадам қанилар!

—  Нима бўлди, тинчликми ўзи?

—  Биласизми, кўз ўнгимда қабристон ёнидаги бехосият кўчада катта юк машинаси келиб йўл четидаги симёғочга келиб шунақанги урилдики, жоним чиқиб кетай деди.

—  Рулда ким экан? — қизиқиб сўрадим мен ҳам.

—  Қўшни қишлоқдаги йигитлар шаҳарга юк олиб кетишаётган экан.

Дадам бу воқеани эшитгач, чуқур бир хўрсиниб қўйдилар-у, лекин ҳеч нима демадилар. 

Шундай кунларнинг яна бирида эса тезлигини ошириб келаётган бир ҳайдовчи йўл четида кетаётган икки ўқувчи қизни уриб юборди. Улардан бири қаттиқ жароҳат олиб, ҳатто ногирон ҳам бўлиб қолди. 

Назаримда, дадам бўлиб ўтаётган воқеалар ҳақида бир нарсани биладигандек туюлди. Ички қизиқиш туйғуси мени сира тинч қўймади ва чой устида уларни саволга тутдим. 

—  Дада ўша бехосият кўчада нега доим бундай кўнгилсиз ҳодисалар бўлавераркин? Бунинг бирор сири борми?

Аввалига гапимни эшитмаганликка ола бошладилар. Мен юзларига қизиқсиниб тикилиб турганимни кўргач, аста гап бошладилар:

— Бундан анча йиллар аввал ўша кўчанинг ўрни  катта қабристон бўлган. Ҳозиргиси ўшанинг ярми. Қабрлар чўкиб боргани сари одамлар секин-аста ўша жойлардан юриб, кичик кўча очиб олишди. Бора-бора у кенгайиб, катта йўлга айланди. Аслида у ерга илм-маърифатли кишилар ҳам қўйилган. Ўшаларнинг руҳи безовталаниб, бу ерларда нохуш ҳодисалар юз бериб турармикин, деб ўйлаб қоламан, баъзан. Ҳар қалй ўшандан бери бу кўчадан фалокат аримайди. 

Бу гапларни эшитганимдан бери бу кўчага ўйлаб қадам босадиган бўлиб қолдим. Дадам айтиб берган ҳикоя менга ҳаётнинг қайсидир жумбоғини очгандек бўлди. Нима бўлганда ҳам ўтганларни қадрлаш, уларнинг руҳини безовта қилмаслик  биз тирикларнинг бурчимиз эмасми? 

Шаҳноза РАҲИМХЎЖАЕВА тайёрлади

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!