Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди

11:36, 23 июнь

Пойтахтимиздаги “Ўзэкспомарказ”да 22 июнь куни Ўзбекистон ва Хитой ҳамкорлигининг йирик ва истиқболли лойиҳаси ижроси – Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли ҳамда Қамчиқ туннелининг расмий очилиш маросими бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин иштирок этди.

Давлатимиз раҳбари мазкур ғоят улкан лойиҳанинг амалга оширилиши Ўзбекистон учун катта ютуқ, муҳим ва унутилмас тарихий воқеа эканини алоҳида таъкидлади.

Қурилиш давомида Ўзбекистон ва Хитой қурувчилари, муҳандислари, мутахассислари аҳил ҳамкорликда меҳнат қилиб, юксак касб маҳоратини намоён этди. Ушбу иншоот энг юксак халқаро нормаларга жавоб беради ва жаҳон амалиётида ноёб лойиҳадир. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг ишга туширилиши юк ташиш бўйича вақт ва маблағ тежаш имконини беради, шунингдек, транзит, ишлаб чиқариш ва инфратузилма салоҳиятини кескин оширади, Ўзбекистон иқтисодиётининг барқарор ривожланишига хизмат қилади, деди Президентимиз.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов ва Хитой Халқ Республикаси Раиси Си Цзиньпин Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл тизимида ҳаракатланадиган “Ўзбекистон” йўловчи поездининг Қамчиқ туннелидан ўтишига рухсат берувчи семафорни ёқиш учун махсус тугмани босдилар...

Темир йўл транспорти барча давлатлар иқтисодиётининг асосий қон томири ҳисобланади. Эътиборлиси, темирйўлчиларимизнинг куч-ғайрати билан кейинги йилларда 1 минг 200 километрдан зиёд янги темир йўл тармоғи барпо этилди, 3 минг 800 километрлик йўл модернизация қилинди ва қайтадан ишга туширилди, қарийб 1100 километрлик темир йўл магистраллари электрлаштирилди. Натижада темир йўлларнинг умумий узунлиги 6 минг 500 километрга етди ва улар мамлакатимизнинг барча минтақаларини қамраб олиш имконига эга бўлди.

Ўзбекистон билан Хитой ўртасида энг қисқа темир йўл тармоғини барпо этиш ўзаро иқтисодий ва транспорт соҳасидаги ҳамкорликнинг долзарб стратегик йўналишларидандир. Бу Хитойнинг Марказий Осиё мамлакатларига, ундан кейин Жанубий Осиёга чиқишини таъминлайди. Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўлининг барпо этилиши бу борада “кўприк” вазифасини ўтайди. “Ўзбекистон темир йўллари” акциядорлик жамияти ва Хитойнинг “China Railway Tunnel Group” компанияси ҳамкорлигида бунёд этилган туннель қурилишига умумий қиймати 455 миллион долларлик маблағ йўналтирилди.

Денгиз сатҳидан 2 минг 200 метр баландликда жойлашган Қамчиқ довони орқали ўтган Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўл линиясининг ишга туширилиши Фарғона водийси вилоятлари ва мамлакатимизнинг бошқа ҳудудлари ўртасида темир йўл орқали юк ва йўловчи ташиш имкониятини яратади. Шу билан бирга, Хитой – Марказий Осиё – Европа янги халқаро транзит темир йўл коридорининг энг муҳим бўғини бўлиб хизмат қилади.

Бунёдкорлик ишларида “China Railway Tunnel Group” компаниясининг мингдан зиёд ишчи-мутахассислари, уч мингдан зиёд темирйўлчиларимиз, уч юздан ортиқ электрмонтажчи иштирок этди. Моҳир қурувчилар 32 ой мобайнида мураккаб табиий шароитларда – ёз жазирамасида ҳам, қишнинг қаҳратонида ҳам ишни бир меъёрда олиб борди. Бу ўз самарасини берди.

Узунлиги 123,1 километр бўлган Ангрен-Поп темир йўлининг Қамчиқ довонидан ўтган қисмида 19,2 километрлик туннель очилди. Туннелдан ташқари бу ерда 43 миллион куб метр тупроқ, 16,3 миллион куб метр бурғулаш, портлатиш ишлари бажарилди. Шунингдек, 285 сунъий иншоот ва сув ўтказиш қувурлари, умумий узунлиги 2,1 километр, ўртача баландлиги 25 метрлик 15 темир йўл кўприги ва 6 йўл ўтказгич барпо этилди. 4 станция, 4 разъезд ва 2 вокзал қуриб битказилди, 2 ним тортиш станцияси қурилди. Умумий қиймати қарийб 1 миллиард 635 миллион долларлик маблағга тенг бўлган мазкур улкан лойиҳа доирасида темирйўлчилар учун ўнга яқин турар жой бинолари барпо этилди.

Ангрен-Поп электрлаштирилган темир йўли мамлакатимиз тараққиёти ва фаровонлигининг янада юксалишида алоҳида аҳамият касб этади. Буни мутахассисларнинг қуйидаги таҳлиллари ҳам тасдиқлайди.

Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, мазкур темир йўл орқали шу йилнинг ўзида 600 минг йўловчига хизмат кўрсатиш мумкин. Қурилиш даврида 4 минг киши иш билан таъминланган бўлса, темир йўлдан доимий фойдаланила бошлагач, яна 1,5 минг янги иш ўрни яратилади.

Айни пайтда қурилиш ишларининг мураккаблиги бўйича дунёда саккизинчи, узунлиги жиҳатидан ўн учинчи, МДҲ мамлакатлари орасида ягона бўлган Қамчиқ туннели Тошкент вилояти билан Наманган вилояти ўртасида робита вазифасини ўтайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!