GM Uzbekistan заводнинг тўхтатилгани ва ходимларнинг қўлга олинганлиги тўғрисидаги хабарларга аниқлик киритди

14:48, 23 июнь

“Женерал Моторс Узбекистан” АК Матбуот хизмати Прагада жойлашган Ozodlik радиостанцияси тарқатган Андижон вилоятидаги автозаводнинг фаолияти тўхтатилгани ва қўшма корхона ходимларининг қўлга олинганлиги тўғрисидаги хабарни рад этди, деб хабар берди “Gazeta.uz” нашри.

“Биз расман “Женерал Моторс Узбекистан” АК ходимларининг қамалганлиги тўғрисида Ozodlik радиостанцияси тарқатган хабарни нотўғрилиги учун рад этамиз”, дейди Ўзбек-Америка қўшма корхонаси матбуот хизмати.

“Минг афсуски, Ozodlik радиостанцияси умуман ҳақиқатга тўғри келмайдиган хабарларни тарқатиб, жамоатчиликни чалғитмоқда”, деб таъкидланади хабарда.

Ҳозирги вақтда Асакадаги автозавод кундалик тартибда ўз иш фаолиятини давом эттираётганлиги, экспорт бозоридаги инқироз миллий автомобиль савдосига катта таъсир кўрсатганлигини компания тан олиб, аммо бу Асака автозаводи фаолиятига таъсир қилмаганлигини билдирган.

Матбуот-хизмати шунингдек, автомобилларни ички бозорда реализация қилиш “схемаси” бўйича ноқонуний равишда экспорт учун жўнатилган автомобилларнинг Ўзбекистонга қайтариб юборилганлиги, қўшни давлат чегара ҳудудларида автомобиллар туриб қолганлиги тўғрисидаги хабарларни ҳам қатъий рад этди.

“Бу ёлғон хабар орқали нафақат “Женерал Моторс Узбекистан” АК ва унинг ходимлари, балки Ўзбекистон республикасининг бошқа давлат ташкилотлари, яъни Давлат божхона қўмитаси, Давлат солиқ қўмитаси, Давлат чегарасини қўриқлаш қўмиталари, банклар ва бошқа ташкилотлар ҳам асоссиз қораланган. Бундай схема орқали юқорида номлари келтирилган давлат идоралари чегарадош давлатларнинг иштирокисиз бирор ишни амалга ошира олмайди, чунки барча молиявий экспорт-импорт операциялари миллий божхона қўмитасида қайд этилиб, Ўзбекистон банк тизими орқали амалга оширилади”, дейилади матбуот-хизмати хабариди. 

Оммавий-ахборот воситаларнинг жамиятимизда тутган ўрнини ҳисобга олган ҳолда, “Женерал Моторс Узбекистан” АК компанияси журналистларни мақола тайёрлаётганда журналистик этика қонун-қоидаларига риоя этишга, ҳар бир ёзаётган мақоладаги фактларни асослаб, ёлғон хабарларни тарқатмасликка чақирди.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!