Тошкентда содир бўлган ЙТҲ оқибатида 17 ёшли ўсмир ҳалок бўлди

13:22, 24 июнь

“Жигули” русумли автомобиль уриб юбориши оқибатида бир ўсмир ҳалок бўлди, икки ўсмир тан жароҳати олди, деб хабар берди “Podrobno.uz”.

ЙТҲ 15 июнь куни Чилонзор туманининг 20 даҳаси яқинида содир бўлган. 

“Биз дўстимнинг уйига йиғилган эдик, кейин соат 21:30 ларда кўчага чиқдик. Йўлдан кесиб ўтмоқчи бўлиб, учаламиз йўлни ажратувчи чизиқ устида турганимизда, бизни машина уриб кетди. Кўзимни очганимда қўлим қонга бўялганди. Ҳайдовчи эса устимизга келиб, бизга қараб турган экан. Ёнимда дўстим қалтираб ётарди”, деб бўлиб ўтган воқеаларни эслади яқинда касалхонада даволаниб чиққан 15 ёшли Дмитрий Якунин.

Унинг айтишича, “Жигули” ҳайдовчиси ёнида кетаётган машинани қувиб ўтмоқчи бўлиб, йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб қолган. Болаларга йўловчилар биринчи ёрдам кўрсатиб, касалхонага олиб боришган. Ўша куни уч ўртоқ мактабда сўнгги имтиҳонларини топширишган.

17 ёшга тўлиш арафасида бўлган Андрей Хорошев илк зарбани ўзи қабул қилган, у душанба куни мияга қон қуйилиши оқибатида вафот этган. 17 ёшли Сарвар Абдуллаев касалхонада бўлиб, унинг аҳволи ўртача оғир деб баҳоланмоқда. Унинг боши операция қилиниши кутилмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!