Буюк Британия бош вазири истеъфога чиқади

15:54, 24 июнь

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон истеъфога чиқишини маълум қилди, деб хабар берди “Газета.уз” нашри.

Буюк Британия бош вазири Дэвид Кэмерон Британия жамоатчилиги референдумда Евроиттифоқдан чиқиб кетишга овоз берганлиги туфайли истеъфога чиқишини эълон қилди. 

Кэмерон вазият барқарорлашгунга қадар, кузгача ўз вазифасида қолишга ваъда берган. У ўзининг ҳис-туйғулар тўлиб-тошган нутқида журналистларга қарата “Британия халқининг хоҳишини амалга ошираётганлигини, олти йил мобайнида ҳукуматни бошқарганидан фахрланишини” таъкидлаб ўтган.

23 июнь куни Қўшма Қиролликда Евроиттифоққа аъзолик масаласини кўриб чиқиш учун ўтказилган референдумда 52% британиялик Евроиттифоқдан чиқиб кетишга, 48% қолишга овоз берган. Овоз бериш натижасида фонд бозори фаолияти ишдан чиққан ва сўнгги 30 йил мобайнида илк маротаба фунт-стерлинг қиймати тушиб кетган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!