Тошкентда 1 тонна 438 килограмм гиёҳвандлик воситаси йўқ қилинди

15:32, 27 июнь

Халқаро гиёҳвандликка ва гиёҳванд воситаларнинг ноқонуний айланишига қарши кураш куни муносабати билан бугун пойтахтимизда Миллий хавфсизлик хизмати мамлакат ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан мусодара қилинган 1 тонна 438 килограмм гиёҳвандлик воситасини  йўқ қилиш тадбирини ўтказилди.  

Наркотик моддаларни назорат қилиш бўйича Ўзбекистон Республикаси Давлат комиссияси раиси томонидан тасдиқланган Гиёҳвандликка қарши кураш ойлиги доирасида ўтган тадбирда тегишли идора ва муассасалар, халқаро ташкилотлар, маҳаллий ва хорижий оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди. 

Унда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчиликка қарши курашиш бошқармасининг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси раҳбари Ашита Миттал, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги  лойиҳалари координатори Жон МакГрегор, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Наркотик моддаларни назорат қилиш миллий ахборот-таҳлил маркази директори Ахмед Манмуров бу иллатнинг инсоният бошига солаётган мислсиз фожиалари, бугунга кунда халқао миқёсда ва мамлакатимизда  гиёҳвандликка кураш борасида олиб борилаётган ишлар хусусида сўз юритдилар.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимизда мустақилликнинг илк йилларидн бошлаб, наркобизнесга қарши кураш йўлида кенг қамровли ишлар амалга ошириб келинмоқда. Ўзбекистон 1995 йилдаёқ БМТнинг гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддаларнинг ноқонуний муомаласига қарши бир қатор конвенцияларига қўшилган. 1999 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалари тўғрисидаги қонуни” қабул қилинган.

Мамлакатимизда амал қилаётган тартибга мувофиқ, судда ашёвий далил  сифатида кўрсатилган гиёҳвандлик воситалари  ҳукм қонуний кучга киргач, махсус печларда ёқиб юборилади.   Ўзбекистонда 1994 йилдан буён 55 тонна 438 килограмм гиёҳванд моддалар айнан шу тартибда  йўқ қилинган. 

Маълумотларга кўра, биргина ўтган йилнинг ўзида ҳуқуқ-тартибот идоралари томонидан гиёҳванд моддалар билан боғлиқ 6648 та жиноят фош этилган,  ноқонуний айланишда бўлган икки ярим тоннадан ортиқ  килограмм гиёҳванд модда мусодара қилинган.  

Бу гал ҳам жамоатчилик вакилларининг кўз ўнгида қанчдаан-қанча  инсонларнинг ёстиғини қуритиши, ҳаётини издан чиқариши мумкин бўлган  “заҳри қотил”нинг кули кўкка соврилди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!