Хонанда Алижон Исоқов автоҳалокатга учради (Фото)

17:39, 27 июнь

Хонанда Алижон Исоқов автоҳалокатга учради. Ҳодиса натижасида хонанданинг Toyota Land Cruiser Prado автомобили жиддий зарар кўрди, автомобиль ичида бўлганлар тан жароҳати олган.

Воқеадан хабар топган “Дарё” нашри хонанда билан боғланиб, вазиятга ойдинлик киритди.

Сизни автоҳалокатга учради деган нохуш хабарни эшитдик.
— Устоз санъаткор, хонанда Аҳрор Усмонов эллик ёшга тўлганликлари муносабати билан уларнинг уйларида меҳмон бўлдик. У ерга Самарқанддан, Навоийдан, водийдан меҳмонлар келган эди. Биласиз, ҳозир тўйлар йўқ, ҳамма санъаткорлар дам оляпти. Биз ҳам яхши ният билан водийлик, узоқдан келган меҳмонларимизни кўнглини олиш учун, тоққа чиқиб, оилавий дам олмоқчи эдик. Соат икки яримларда Аҳрор акани уйида йиғилган бўлсак, менимча, соат уч яримларда автоҳалокат содир бўлди.

Автоҳалокат қандай юз берди? Жароҳатланганлар борми?
— Роҳатга бордим, Роҳатдан Чорвоқ йўлига кўприкни айланиб тушганимдан сўнг, Аҳрор ака: «Машинангиз жуда яхши экан, келинойингизга шунақа мошина олиб берамиз, уларга ҳам машинангиз жуда ёқди», дедилар. Шунда келинойим: «Машинангизни ўзим миниб, бошқариб кўрай», деб сўрадилар. «Ҳозир пост бор, постдан ўтиб олайлик, ундан сўнг бемалол бошқариб кетаверасиз», дедим. Аҳрор ака: «Ҳамма ҳужжатлар жойида-ку, келинойингизда ҳам ҳайдовчилик гувномаси бор, машинаннинг эгаси сиз бўлсангиз, сизнинг ҳам ҳужжатларингиз жойида бўлса», деганларидан кейин, рулни келинойимга бериб, ўзим ҳайдовчи ўриндиғининг орқа томонидаги ўриндиққа ўтирдим. Машинада мен, Аҳрор ака, уларнинг турмуш ўртоғи, уч қизалоғи ва шогирди — жами етти киши бор эди. Менинг оилам бошқа машинада келаётган эди. Ғазалкентга етганимизда тўсатдан тўс-тўполон бошланиб кетди, бу орада келинойим рулни ўзига бўйсундира олмай, машина ағдарилиб кетди.

Кимлар жароҳатланди?
— Биз машинада етти киши бўлган бўлсак, Худога шукр, барчамиз соғ-саломатмиз. Тан жароҳати олганимиз рост. Аҳрор ака ва мен қўлдан, келинойим эса оёғидан лат еди. Биз бошқа машиналарга урилмадик, бордюрга — бетон тўсиққа урилганидан сўнг машинамиз ағдарилиб кетди. Худога шукрки, ҳаммамизнинг жонимиз омон.

Ҳозирда аҳволингиз қандай?
— Худога шукр, ҳозир соғлиғим яхши, насиб қилса, Ҳайитгача кўрмагандек бўлиб кетаман. Халқимизнинг, мухлисларимизнинг дуоси бизни асраган бўлса керак, деб ўйлайман. Бўлган воқеадан жонимиз соғ-омон чиққанидан хурсандман. Мухлисларимиз билан келишиб қўйган тўйларга, келишилганидек бораман, албатта.

 

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!