Туркия президенти уриб туширилган Су-24 учун Путиндан кечирим сўради

10:48, 28 июнь

Россия президенти Владимир Путиннинг матбуот котиби Дмитрий Песков Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўғаннинг Су-24 қирувчи самолётининг уриб туширилгани юзасидан, Владимир Путин номига кечирим сўраб ёзган мактубини эълон қилди, деб хабар қилди “Lenta.ru” нашри.  

“Россия Федерацияси президенти Владимир Путин Туркия президенти Ражаб Тойип Эрдўғаннинг кечирим сўраб ёзган мактубини олди. Унда Туркия раҳбари Россия ҳарбий самолётининг уриб туширилиши туфайли келиб чиққан низоли вазиятни бартараф этиш истагини билдирган ҳамда Туркия ҳукумати номидан ҳалок бўлган учувчининг оила аъзоларига таъзия изҳор этиб, узр сўраган”, деди Дмитирий Песков. 

Мактубнинг давомида Туркия ҳукумати ҳалок бўлган учувчи Олег Пешковнинг жасадини Сурия оппозиционерлари қўлидан олиш учун бор кучи билан ҳаракат қилгани, дафн олди маросимларини ўтказишда диний ва ҳарбий қонун-қоидаларга риоя этилгани ҳақида сўз юритилган. 

“Мен яна бир маротаба ҳалок бўлган учувчининг оила аъзоларига чуқур таъзия изҳор этаман ва улардан кечирим сўрайман. Уларнинг дардини қалбан ҳис қиламан, россиялик учувчининг оиласини турк оиласи деб қабул қиламан. Уларнинг дардини енгиллаштириш учун, етказилган оғир зарарни қоплаш учун биз қўлимиздан келганча ташаббус кўрсатишга тайёрмиз”, деб ёзган Эрдўған. Хатда шу билан бирга россиялик учувчининг ҳалокатига сабабчи бўлган туркиялик фуқаро устидан тергов ҳаракатлари олиб борилаётгани ҳақида ҳам айтиб ўтилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!