Россиялик эркак инсонникига ўхшаш тишли балиқ тутиб олди(Фото)

11:45, 28 июнь

Тулалик фуқаро марказий парк ҳовузида балиқ тутаётганда инсон жағини эслатувчи тишлари бўлган балиқни ушлади, деб хабар берди “Interfax.ru” нашри.

Экспертлар бу балиқ жанубий Американинг паку номли балиғи бўлиб, инсон учун ҳеч қандай хавф туғдирмаслигини айтган. Балиқнинг суратлари ижтимоий тармоқнинг турли нашрларида чоп этилган. Хабарлар “Тула парки” ташкилоти раҳбарларини қизиқтириб қўйган.

“Ижтимоий тармоқда балиқнинг суратини кўриб, уни тутган одам билан алоқага чиқдик. Ундан балиқни олиб, экспертизага топширдик. Экспертлар берган маълумотга кўра, бу ўтхўр балиқ бўлиб, унинг номи паку экан. У инсон учун хатарли эмас”, деди ташкилот раҳбари Варвара Трунова.

Боғ маъмуриятининг тахминича, балиқ ҳовузга аквариумчилардан бири томонидан ташланган. “Бу балиқлар зоомагазинларда аквариумда сақлаш учун сотилади. Табиат қўйнида уларнинг узунлиги 50 сантиметрни ташкил этади”, дейди парк ходимларидан бири. 

Паку – чучук сувли кўлларда яшайдиган балиқ бўлиб, асосан Жанубий Американинг Амазонка ва Ориноко дарёларида учрайди ва пираньеларга ўхшаб кетса-да, ўсимлик билан озиқланади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!