Собиқ ЙПХ ходимининг иқрори: “Пул топдим-у, бахт топмадим!”

15:31, 28 июнь

Ички ишлар идораси ходими бўлиб ишлардим, аниқроғи, Йўл патрул хизмати ходими сифатида кўп йиллар фаолият юритганман. Касбимни яхши кўрардим. Ушбу соҳани танлаганим учун ўз-ўзимдан суюнардим.    Аёлимнинг мени тўғри тушуниши, оқилалиги туфайли оиламдан, фарзандларимдан кўнглим тўқ. Хизмат жараёнида бошқа нарсага чалғимасдан ишга шўнғиб кетардим. 

Бўш вақтим бўлди дегунча, фарзандларимни паркками, бошқа бирон жойгами сайрга олиб чиқардим. Уларнинг шўҳ-шодон кулгиларини кўриб, ўзимга сиғмай кетардим. Қўшнилар ҳам бизнинг оилага ҳавас қиларди. 

Шахсий ҳаёт ҳам иш ҳам ўз ўрнида рисоладагидек кетаётган эди. Нима бўлди билмадим. Шайтон йўлдан урдими, нафсим устунлик қилдими, ишқилиб, йўл қоидасини бузган ҳайдовчилардан пул таъма қилиш одатини чиқардим. Борган сари ҳайдовчилардан кўпроқ пул оладиган бўлдим. Атрофдагиларга паст назар билан қарайдиган, унча-мунча нарсани писанд қилмайдиган бўла бошладим. Мендаги бу ўзгаришни пайқаган ота-онам, акаларим ва аёлим бу кетишда яхши бўлмаслигини айтарди. Айниқса, отам “Болам, ким бўлсанг ҳам инсон бўлиб қолгин. Бировларни зор қақшатма, ҳеч кимдан пул ола кўрма. Бошқаларнинг ҳаққи буюрмайди! Ҳар доим ўзингга тўғри бўлиб, тўғри ишла” деб такрорларди. Мен эса уларнинг биттасига ҳам на ота-онамга, на акаларимга ва на аёлимга қулоқ солмас, билганимдан қолмас эдим. Пул кўзимни кўр қилган пайтлари эди ўшанда... 

Бир куни ишдалигимда тахминан соат 17:30 ларда аёлим Маҳлиё телефон қилиб қолди. Овозида титроқ, нима тезроқ гапир дея ўшқирдим унга. У “ўғлимиз Шаҳзодни машина уриб кетди” деди-ю. Ҳўнграб йиғлаб юборди. “Нега уриб кетади, қаердасилар ҳозир” сўрадим мен. Маҳлиё 16-шифохонада эканлигини айтди. Нима бўлсам бўлдим, муздек тер чиқиб кетди. Бирга хизмат олиб бораётган шерикларимга ҳам айтмасдан машина томонга қараб югурдим. Касалхонага борганча “ҳеч нарса қилмаган бўлсинда, ўғлим омон қолсин, тинчлик бўлсин, ишқилиб” тинмай такрорлардим. Шифохонага қандай қилиб борганимни эслолмайман. Жонлантириш бўлимининг олдида аёлим кўзларида ёш билан у ёқ, бу ёққа тинимсиз юриб турибди. Мени кўриши билан баттар йиғлай бошлади. “Ҳа, нима бўлди, ўғлимиз яхшими, сен нимага қарамадинг” бақирдим унга. Шаҳзодни уриб юборган машина эгасини қидира бошладим. У ҳам шу  ерда экан, касалхонага ўзи олиб келибди. Дори олиш учун дорихонага кетибди.  Ҳайдовчини сабрсизлик билан кутардим. “Қўлимга тушса борми, майдалаб ташлайман. Кўзига қараб юрса ўладими, агар ўғлимга бир нарса бўлса, соғ қўймайман”  ўзимча ғулдирардим.  Шифохона дарвозасидан бир киши чопиб келаётгани кўринди. Қўлида дори солинган пакет кўтарган. Маҳлиё менга қараб имлади. Билдимки, ўғлимни машинасида уриб юборган киши шу. У тобора яқинлашган сари таниш туюларди. Унга пешвоз чиқдим. Унинг йўлини тўсдим-у, жойимда қотиб қолдим. У бўлса, “ака, дориларни шифокорга  бериб олай кейин гаплашамиз, шошилинч олиб келинг деганди” деб мени айланиб ўтиб югуриб ичкарига кириб кетди.   Бу одамнинг икки соатча олдин машинасини тўхтатгандим. Спиртли ичимлик ичган экан. Икки юз минг сўм пулини олиб қўйиб юборгандим. Балки, ўхшатаётгандирман ёки менга шундай туюлаётгандир ўйланаман. Беш минут ўтар-ўтмас ҳайдовчи чиқиб келди. Ҳа-ҳа, у атиги икки соатгина олдин тўхтатган ҳайдовчим эди. Ўшанда қонун доирасида иш қилганим-да, ўғлим бу аҳволга тушмаган бўларди. Ҳаммаси мени деб бўлди. Ҳайдовчига нима дейишни ҳам билмайман, ўзимдан ҳам айб ўтган. Уни қўйиб юбормаслигим керак эди. Нафс мени шу куйга солди. Автоҳалокатдан сўнг Шаҳзод ўнг оёғини оқсаб босадиган бўлиб қолди. Шунисига ҳам шукур қиламан! Сал бўлмаса, ўз фарзандим ўлимига сабаб бўлишимга оз қолди. Ўғлимни машинасида уриб юборган кишига нисбатан қонун доирасида чора кўрилди. 

Мен бугун виждон азобида яшамоқдаман! Шаҳзоднинг оқсоқланиб юришини кўриб юрак-бағрим эзилади. У менинг нафсим сабабли шу аҳволга тушди, ногирон бўлиб қолди. Икки юз минг сўм пулни деб бир умр виждон азобида қийналиб яшашга маҳкум бўлдим. Қолаверса, ўғлимни кўрсатмаган жойим қолмади. Қанча-қанча пулим кетди. Ҳайдовилардан олган пулларим ўн, юз, минг баравар бўлиб чиқиб кетди!

Ҳар қандай ишда қонунийлик, ҳалоллик, тўғрилик биринчи ўринда туриши лозимлигини англаб етдим! Фақат энди жуда кеч! 

Азиз Турдиев, Тошкент шаҳри

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!