Тошкентда тўқимачилик технопарки қурилиши бошланди

10:08, 29 июнь

Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институти ҳудудида Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопарки қурилиши бошланишига бағишланган маросим бўлиб ўтди

Ўзбекистон Республикаси ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирининг ўринбосари Шавкат Тўлаганов, Корея Республикасининг мамлакатимиздаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Квон Ён У, Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги департаментининг бош директори Канг Мюн Су ва бошқалар Ўзбекистон билан Жанубий Корея ўртасидаги ҳамкорлик бошқа соҳалар қатори тўқимачилик, енгил саноатда ҳам изчил ривожланиб бораётгани, икки давлат раҳбарларининг учрашувларида эришилган келишувлар бу борада муҳим ҳуқуқий асос бўлиб хизмат қилаётганини алоҳида таъкидлади. Президент Пак Кин Хэнинг 2014 йил июнда Ўзбекистон Республикасига ва Президент Ислом Каримовнинг 2015 йил майда Корея Республикасига давлат ташрифлари ўзаро манфаатли ҳамкорликни сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарди. 

Давлатимиз раҳбари Ислом Каримов раҳнамолигида иқтисодиётни диверсификация ва модернизация қилиш, юқори технологияли ва рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш борасида катта ютуқларга эришилмоқда. Мамлакатимиз енгил саноати мустақиллик йилларида миллий иқтисодиётимизнинг жадал ривожланиб бораётган тармоқларидан бирига айланди. Айни пайтда енгил саноат тизимида замонавий технология ва ускуналар билан жиҳозланган 300 дан ортиқ корхона фаолият юритмоқда. Ишлаб чиқаришни модернизация қилиш ва қайта жиҳозлаш, малакали кадрлар тайёрлаш, чет эл инвестициясини жалб этишга асосланган ривожланиш стратегияси рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқариш ҳамда уларнинг экспорти кўламини кенгайтириш имконини бераётир. 

Мамлакатимиз енгил саноат тармоғи ўз салоҳиятини янада юксалтириш учун катта имкониятларга эга. Юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича самарали дастур бу борада муҳим ўрин тутади. Масалан, Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида ҳар йили автоматлаштириш ва бошқарув, тўқимачилик саноати технологиялари, пахта саноати технологиялари, енгил ва матбаа саноати технологиялари йўналишларида мингдан зиёд мутахассис тайёрланмоқда. 

Жанубий Корея Ўзбекистоннинг стратегик ва асосий инвестициявий шерикларидан биридир. Икки давлат раҳбарларининг мунтазам музокаралари самарасида ўзаро манфаатли ҳамкорлик изчил ривожланмоқда. Мамлакатларимиз турли соҳаларга юқори технологияларни жорий этиш борасида ҳам фаол ҳамкорлик қилиб келмоқда. Миллий иқтисодиётимиз турли тармоқлари, хусусан, тўқимачилик ва енгил саноатда Жанубий Корея тадбиркорларининг фаол иштирокида кўплаб лойиҳалар ҳаётга татбиқ этилмоқда. 

«Ўзбекенгилсаноат» акциядорлик жамияти ва Корея Республикаси Савдо, саноат ва энергетика вазирлиги ҳамкорлигида 2018 йилга қадар Тошкентда барпо этиладиган Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопарки лойиҳаси Ўзбекистон – Жанубий Корея муносабатларининг ёрқин намунасидир. 

Технопаркни ташкил этишдан кўзланган асосий мақсад Тошкент тўқимачилик ва енгил саноат институтида жорий этиш учун тўқимачилик саноатини ривожлантириш, технологик янгиликларни яратиш ва материалшунослик, бўяш-пардозлаш, мато ва либослар дизайни соҳасида тадқиқотлар ўтказиш, ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланган ҳолда истиқболли технологик йўналишларни, муқобил электр энергияси манбалари ва бошқа йўналишларни ривожлантиришга қаратилган халқаро ўқув ҳамда тадқиқот дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдан иборат. 

Қурилиш-монтаж ишларини бажариш, технологик ускуналар харид қилиш ва ўрнатиш, технопарк ходимлари учун махсус ўқув курсларини ташкил этиш Корея Республикаси ҳукуматининг «Тараққиётга расмий кўмак» дастури доирасида грант маблағлари ҳисобидан молиялаштирилади. Лойиҳа қиймати 15 миллион АҚШ доллари атрофида баҳоланмоқда. 

Технопарк режасида юқори технологияли 3 ва 5 қаватли маъмурий бинолар, энергия тежайдиган технологиялардан фойдаланган ҳолда экспериментал ишлаб чиқариш учун қуёш батареялари билан жиҳозланган ва умумий майдони 10 минг квадрат метрдан зиёд алоҳида 2 қаватли бино қуриш кўзда тутилган.

Режага кўра, 4 минг квадрат метрдан ортиқ бўлган ҳудудда ўқув хоналари, конференция ва кўргазма заллари, лабораториялар, офислар, оранжерея ва бошқа объектлар жойлаштирилади. 1,5 минг квадрат метрдан ортиқ майдонда ташкил этиладиган илмий-тажриба лабораториясида тўқиш, бўяш-пардозлаш, тикув ускуналари ўрнатилади. 

5 қаватли бино томида гулзор ва боғ барпо этилади. Бинолар замонавий юқори технологияли қурилиш ва пардозлаш материалларидан бунёд этилади. Уларга туташ ҳудудларга турли хил пишиқ кошинлар ётқизилади, майсазор ва фавворалар барпо қилинади. 

Технопаркнинг дизайн-гуруҳи «Ўзбекенгилсаноат» корхоналари билан янги турдаги маҳсулотлар яратиш бўйича ҳамкорлик қилади. 
“Ўзбекенгилсаноат” акциядорлик жамияти билан Жанубий Корея технологияларни ривожлантириш институти ўртасида Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопаркини янада ривожлантириш тўғрисида муҳокама протоколи имзоланди. 

Ўқув-тадқиқот тўқимачилик технопаркининг барпо этилиши Ўзбекистон енгил саноатини янги ривожланиш босқичига олиб чиқиш ва соҳада кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш имконини беради.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!