Гўзал бўлиш учун ўзини қурбон қилган аёллар

12:31, 29 июнь

Аёллар гўзаллик қурбонлик талаб қилишини ҳамма замонларда ҳам яхши билишган. Улар чиройли кўринишга эга бўлиш турли парҳезлардан, косметик воситалардан ва суртмалардан фойдаланишган. Баъзида бу гўзаллик уларга соғликлари эвазига жуда қимматга тушган, деб хабар берди “Interesno.cc” нашри.

Корсет

XVIII асрда Европада ингичка бел нафақат аёллар, балки эркаклар орасида ҳам урф бўлган. Ингичка белга эга бўлиш учун улар болалигидан бошлаб, корсет тақиб юришган.

Корсет қоматни тик тутиш учун ёрдам берса-да, қовурғаларни жуда қисган. Аёл ортиқча ҳаракатларни бажара олмаган. Корсетдаги ёғоч, темир ускуналар терига кириб, оғриқ берган, баъзида қовурға синишига ҳам сабаб бўлган. Кислород етишмаслиги оқибатида ҳушдан кетиш эса одатий ҳол бўлган.

35-40 сантиметрли ингичка белга эга бўлиш учун корсет кийилаётганда уни икки киши бор кучи билан икки томонга тортиб турган. Мунтазам равишда корсетда юриш қовурғаларнинг қийшайишига, юрак ва ўпка касалликларининг келиб чиқишига сабаб бўлган, ҳаттоки ўлимга ҳам олиб келган.   

Кўзга заҳарли белладонна томчиларини томизиш

Белладонна (заҳарли ўтсимон ўсимликдан тайёрланган дори) ва унинг фармакологик хусусиятлари инсониятга 2000 йилдан бери яхши таниш. Қадимги Греция ва Римда ундан заҳар сифатида фойдаланишган. Ўрта асрларда ялмоғизликда айбланган аёлларни суд қилишида айнан шу заҳар ишлатилган. Заҳар кучли галлюцинацияларни юзага келтирган. XVIII-XIX асарларда Европада белладон томчиларидан косметик восита сифатида фойдаланиш йўлга қўйилган. Уни италиялик аслзода хонимлар урфга киритган. Кўзга томизилган белладона томчилари кўз қорачиқларини кенгайтириб, унга маъноли ифода берган. Бошқа томондан эса у галлюцинация чақирган, кўзни кўр қилиб қўйган ва ёмон оқибатларга олиб келган. 

Оёқни қисиб боғлаш

Хитойда оёқни қисиб боғлаш минг йиллардан бери анъана тусини олган. Оёқ қанчалик кичкина бўлса, бу гўзаллик рамзи ҳисобланган. Бундай “гўзал” оёққа эга бўлиш учун қизлар бир умр даҳшатли оғриқларга чидашган. Керакли ҳажмдаги оёққа эга бўлиш учун қизлар етти ёшдан бошлаб, оёқларини сиқиб боғлаб юришган. Оёқ бош бармоғидан ташқари барча бармоқлар синиб кетган. Боғланган оёқлар туфайли қон айланиши бузилиб, тирноқлар яра бўлган ва некрозлар вужудга келган. ХХ аср бошларига келиб, аёллар оёғини сиқиб боғлаш тақиқланган. Бундай оёқлар учун пойафзал ишлаб чиқарувчи сўнгги фабрика 1999 йилда ёпилган ва унинг маҳсулотлари экспонат учун этнографик музейга топширилган. 

Маргимуш

XIX асрда маргимуш энг машҳур косметик воситалардан бирига айланди. У юзни тиниқлаштириб, кўзни ёрқинлаштиради, деб ҳисобланган. Маргимушни яна “қон айланиши”ни яхшилаш учун истеъмол қилишган. Аслзода хонимлар юзни тиниқлаштириш деганда, рангпарликни тушунган. Маргимушдан оз миқдорда, аста-секинлик билан миқдорини кўпайтириб, қабул қилишган. Организмда заҳарнинг тўпланиши қалқонсимон без касаллигини келтириб чиқариб, ўлимга ҳам олиб келган. Маргимуш қабул қилишни бошлаган аёл уни умрининг охиригача истеъмол қилишга мажбур бўлган.

Тасмасимон чувалчангни ютиш

XX асрда озғинлик урфга кирганлиги боис, аксарият аёллар озиш учун ҳамма нарсага тайёр бўлиб, ҳатто чувалчанг ютишга ҳам рози бўлишди. Инсон организмига тушган паразитлар озиқ моддаларни ва ёғ заҳирасини истеъмол қилган. Натижада инсон озиб кетган, чувалчанг эса ўсиб, 50 сантиметрга етган. Керакли натижага эришилгач, чувалчанг махсус препаратлар билан ёки жарроҳлик йўли билан олиб ташланган. Бунинг хавфли томони шундаки, чувалчанглар инсон организмида нафақат озиқланишга, балки кўпайишга ҳам ҳаракат қилишади. Энг катта чувалчанглар олиб ташлангани билан болалари организмда сақланиб қолиши туфайли ёмон оқибатларга олиб келиши мумкин.

Радиоактив косметика

ХХ асрга келиб, гўзалликка интилиш ҳатто телбалик даражасига етди. Масалан, 1932 йилда Францияда икки тадбиркор аёллар учун “Tho-Radia” номли косметик воситалар ишлаб чиқара бошлайди. Пудра ва юз креми таркибига ўша пайтда мўъжизавий кучга эга деб ҳисобланган радий моддаси қўшилган. Тадбиркорларнинг фикрича, радий моддаси юзни ажиндан халос қилган. Бундай косметик воситалардан фойдаланган аёллар гўзаллик эвазига нурланиш касалига чалинган. Радий моддаси хавфли деб ҳисобланишига қарамай, “Tho-Radia” маҳсулотлари 1960 йилга қадар сотилган.

Қўрғошинли упа

XVII асрда Европада юз терисининг ранги ва силлиқлигига катта эътибор қаратилган. Аслзодаларга хос рангпарлик яна урфга кирган. Бунинг учун аёллар қон топширишга ҳам рози бўлишган. Юзни оқартириш учун заҳарли симоб ва қўрғошин моддалари қўшилган косметик воситалар ишлаб чиқарилган. Қўрғошинли пудра юздаги доғларни беркитиш хусусиятига эга бўлган. XVII асрда бундай косметик воситалар шол, мия саратони ва ички аъзоларнинг ишдан чиқишига сабаб бўлишини ҳеч ким англамаган.

Пудра таркибига қўрғошин моддасини қўшиш XX аср бошларигача сақланиб қолган, ҳозирда эса пудра учун тальк моддаси ишлатилади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!