Ватанимга дил изҳори — “25” акциясига старт берилди

12:35, 29 июнь

“Ёшлар ижод саройи”да Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллиги муносабати билан ўтказиладиган “25” акциясига старт берилди.

“Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракати томонидан қатор вазирлик ва идоралар кўмагида Ўзбекистон Республикаси давлат мустақиллигининг йигирма беш йиллигини муносиб кутиб олиш мақсадида “Гўзал ва бетакроримсан, муқаддас Ватаним, жоним сенга фидо, Ўзбекистоним” шиори остидаги “25” акцияси ташкил этилмоқда.

Акция аҳоли, айниқса, ёшлар ўртасида мустақиллик даврида қўлга киритилган ютуқларнинг мазмун-моҳиятини тарғиб этувчи ижодий ишлар танловларини ташкил этиш асосида ўтказилади.

Акциянинг асосий мақсади – истиқлол йилларида босиб ўтилган тарихий йўл, эришилган улкан ютуқ ва марралар, уларнинг моҳияти ва аҳамиятини ҳар томонлама чуқур ҳис этиш, уни кенг жамоатчиликка етказиш, “Ким эдигу, ким бўлдик?” деган ҳаётий ҳақиқатни англаган ҳолда ёш авлодда ватанпарварлик туйғуларини янада мустаҳкамлашдан иборат.

“25” акцияси доирасида қуйидаги лойиҳалар амалга оширилади:

– “Мустақиллик менинг тақдиримда” мавзусидаги тақдимотлар танлови (мустақиллик йилларида мамлакатимизда ёшларга яратиб берилган имкониятлар ҳамда улар томонидан халқаро ва республика миқёсида қўлга киритилган ютуқларни акс эттирувчи слайд-шоу ва тақдимотлар);

– “Энг улуғ ва энг азиз” шиори остида видео ва аудиотабриклар танлови (мустақиллигимизнинг йигирма беш йиллигига бағишланган энг сара видео ва аудиотабриклар);

– “Ватанимга дил изҳори” шиори остидаги фотосуратлар ва видеороликлар танлови (мустақиллик йилларида мамлакатимизда амалга оширилган ислоҳотлар натижасини 25 рақами шаклида акс эттирувчи фотосуратлар ва видеороликлар);

Мазкур танловларда 14 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Акция доирасидаги танловларга тақдим этиладиган ижодий ишлар (слайд-шоу, тақдимот, видеотабрик, фотосуратлар, видеороликар) жорий йилнинг 5 август кунига қадар “Камолот” ёшлар ижтимоий ҳаракатининг туман (шаҳар) Кенгашларида қабул қилинади.

Шунингдек, иштирокчилар томонидан тақдим этилган ижодий ишлар бир вақтнинг ўзида www.25.kamolot.uz сайтига ҳамда лойиҳанинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларига жойлаштириб борилади.

Акция доирасида республикамизнинг ҳар бир туман (шаҳар)ларидаги марказий хиёбон ва истироҳат боғларида 25 рақами жойлаштирилган фотомайдонлар ташкил этилади ҳамда мазкур майдонларга кенг ёшлар оммасини жалб этган ҳолда суратга олинган ва ижтимоий тармоқларда оммалашган фото ва видео маҳсулотлар алоҳида номинатсия сифатида баҳоланади.

Тақдим этилган ижодий ишлар (слайд-шоу, тақдимот, видеотабрик, фотосуратлар) Республика ишчи гуруҳи аъзолари томонидан кўриб чиқилади ва баҳоланади. Республика ишчи гуруҳи томонидан саралаб олинган ижодий ишлар оммавий ахборот воситалари орқали тарғиб қилинади ҳамда махсус тўплам сифатида чоп этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, сараланган ижодий ишлар асосида “Ватанимга дил изҳори” шиори остида кўргазма ташкил этилиши белгиланган.

Акция доирасида ташкил этилган танловларда ғолибликни қўлга киритган ёшлар ташкилотчилар томонидан рағбатлантирилиши режалаштирилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!