Қозоғистонда машҳур телебошловчига уюштирилган суиқасд сканворд саволига айланди

15:41, 29 июнь

Қозоғистонлик машҳур телебошловчи ва продюсер Баян Есентаевага нисбатан уюштирилган суиқасд газетада чоп этилган сканворд саволига айланди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

Газетадаги сканвордда ўқувчига телебошловчига эри пичоқ санчган жой манзилини топиш вазифаси юкланган. Бу савол барчани ҳайратга солди. Шу билан бирга кўпчилик ўқувчилар бу ғалати саволнинг жавобини топишга ҳаракат қилди. 

NUR KZ нашрининг маълумот беришича, 10 июнь куни телебошловчи Баян Есентаеванинг турмуш ўртоғи Бахитбек Есентаев Олма-Ота аэропортига рафиқасини кутиб олиш учун борган. Есентаев маст бўлганидан машинани жияни бошқарган. Аэропортга етиб келгач, рафиқасини машинага туртиб ўтқазган ва йўл давомида уни орқа ўриндиқда калтаклаб келган. Олма-Отадан Талагарга элтувчи Кулжин трактига етганда Есентаев жиянини рулдан тушириб юбориб, машинани ичидан беркитиб олган ва рафиқасининг қорнига пичоқ санчган.

Баян Есентаева ўша куннинг ўзидаёқ етказилган оғир тан жароҳати туфайли Талгар туман касалхонасига ётқизилган. Шифокорларнинг сўзларига кўра, телебошловчи ёпиқ бош мия шикасти олган, кўзи, пичоқ санчилгани туфайли ингичка ва йўғон ичаги қаттиқ жароҳатланган, бурун суяги синган.

Бахитбек Есентаев икки ойга қамалган. Унга нисбатан Қозоғистон республикаси ЖКнинг икки моддаси, яъни инсон соғлигига зарар етказиш ва суиқасд қилиш каби моддалар бўйича жиноят иши қўзғатилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!