Молдавия собиқ бош вазири 9 йилга қамалди

15:43, 29 июнь

Молдавия собиқ бош вазири Владимир Филат Кишинёв туман суди ҳукмига кўра, хизмат вазифасини суиистеъмол қилгани ва коррупция билан шуғулланганлиги учун 9 йилга қамалди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри.

Суд ҳукми билан Владимир Филат ҳукумат мукофотларидан маҳрум этилган, раҳбарлик лавозимида ишлаш 5 йилга тақиқланган ва мол-мулки мусодара қилинган. Бундан ташқари мамлакат собиқ бош вазири 60 минг лей (тахминан 200 минг рубль) миқдорида жарима тўлайди.

Қораловчи жазонинг енгиллигидан норози бўлиб, ҳукмни қайта кўриб чиқишни талаб қилишини билдирди. Ҳимоячи эса суд қарорини ақлга тўғри келмайдиган қарор деб атади.

Владимир Филатнинг ўзи ҳам суд ҳукмидан норози бўлиб, инсон ҳуқуқлари бўйича Европа судига мурожаат қилишини билдирди.

Владимир Филат 2015 йилнинг октябрь ойида коррупцияда айбланиб, қўлга олинган эди. Унинг қамалишига молдавиялик тадбиркор Илан Шор (россиялик хонанда Жасминнинг турмуш ўртоғи) нинг кўрсатмаси сабаб бўлган. Унинг таъкидлашича, собиқ бош вазир Илан Шорнинг бизнесига ҳомийлик қилиши учун ундан пора талаб қилган. Владимир Филатнинг адвокатлари Илан Шорни ёлғон кўрсатма беришда айблашди. 

Владимир Филат Молдавия ҳукуматини 2009 дан 2013 йилгача бошқарган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!