Аҳмадбойнинг қилмишлари тўғрисида "Аҳмад васваcаси" номли кўрсатув эфирга узатилади

23:33, 29 июнь

30 июнь куни ЎзМТРКнинг "Ўзбекистон", "Тошкент" ва "Ёшлар" телеканалларида чинозлик Аҳмаджон Турсунбоев ҳақида "Аҳмад васвасаси" номли кўрсатув эфирга узатилади.

Кўрсатув соат 18:10 да "Ўзбекистон" телеканалида, 19:15 да "Тошкент" телеканалида, 20:20 да "Ёшлар" телеканалида намойиш этилади, дея хабар беради Uz24 нашри.

Унда Аҳмаджон Турсунбоевнинг ноқонуний фаолияти ҳақида батафсил маълумот берилади, ўзининг фикрлари ва иқрорликлари келтирилади.

Аҳмаджон Турсунбоев аҳоли ўртасида Аҳмадбой  номи билан танилган. У одамлардан йилига камида 100 фоизлик дивиденд тўлаш, яъни икки баробар қилиб қайтаришни ваъда қилиб, жуда катта омонат маблағларни миллий ва хорижий валютада қабул қилиш билан ноқонуний равишда шуғулланиб келган. Шунингдек, у фоизлик устама тўлаш шарти билан аҳолига хорижий валютада қарз бериб келган. Ҳозирги кунда Аҳмаджон Турсунбоевга пул берган ёки пул олган одамлар сони бир неча ўн мингга етган.

Ўтказилган тезкор тадбир давомида Турсунбоев Аҳмаджон ва унинг яқин қариндошларининг уй-жойлари ва уларга қарашли корхоналарда айтиб ўтилган тартибда ўзлаштирилган 13 млрд 139 млн сўм ва 7 млн 900 минг АҚШ доллари миқдоридаги маблағ мавжудлиги аниқланди ва бу пуллар қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилиб, далилий ашё сифатида олинди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!