АҚШ суди тарихида илк маротаба гапирувчи тўти суд жараёнида иштирок этади

11:56, 30 июнь

АҚШнинг Мичиган штатида яшовчи аёл суд жараёнида жако тўтиқушининг “билим”идан фойдаланиш имкониятига эга бўлди, деб хабар берди “Тjournal.ru” нашри.

2015 йилнинг май ойида эр-хотин Дюрамларнинг уйидан, эр — Мартиннинг беш маротаба ўқ узилган жасадини ва рафиқаси Гленнани бошидан яраланган ҳолда топишган, врачлар унинг ҳаётини сақлаб қолган. Ҳозирда аёл қотилликда айбланиб, қамоқда сақланмоқда, полиция уни жазодан қутулиб қолиш учун ўзини яралаган деб ҳисобламоқда. Гувоҳларнинг маълумот беришича, фожиага эр-хотин ўртасидаги келишмовчилик ва жанжал сабаб бўлган.  

Мартин илгари Кристина исмли аёлга уйланиб, ажрашган. Кристина Мартин ҳалок бўлгандан кейин шахсий суруштирув ишларини олиб борган. Унинг аниқлашича, уйда яшовчи Бад лақабли тўтиқуш уй эгаларининг овозига ўхшатиб бир қанча сўзларни гапирган: Мартин “Йўқол” (Get out) деган, рафиқаси “Қаерга бораман?” (Where will I go) деб жавоб берган, тўтиқуш талаффуз қилган кейинги сўз “Отма!” (Don't f----ing shoot) бўлган.  

Мартиннинг оиласидагилар ва собиқ рафиқаси унинг ўлимида Гленнани айблашмоқда ва ҳуқуқ-тартибот идораларидан тўтиқушнинг гапини инобатга олишни талаб қилишмоқда. Аввалига прокурор бунга кўнмаган, аммо айни вақтда мутахассислар тўтиқушдан олинган ахборотнинг қанчалик ҳақиқатга яқинлиги устида иш олиб бормоқдалар. 

Бундай воқеа бир неча йил илгари Ҳиндистонда ҳам юз берган. Полиция тўтиқушнинг гапи билан қотилни қўлга олган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!