Хитойда “Ўзбек киноси кунлари” фестивали ўтмоқда

14:25, 30 июнь

Шу кунларда Хитой Халқ Республикасининг Пекин, Шанхай ва Циан шаҳарларида “Ўзбек киноси кунлари” фестивали ўтказилмоқда. Маданий тадбирнинг тантанали очилиш маросимида Хитой Халқ Республикаси Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси бошлиғи Чжан Хунсен ушбу фестивалда намойиш этилаётган ўзбек филмлари юртимизнинг маданияти, миллий руҳи ва анъаналарини акс эттириб, улар нафақат Хитойлик киноихлосмандларни ўзбек филмлари билан таништириш, балки икки халқ ўртасида тобора равнақ топиб бораётган дўстона алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини айтиб ўтди.

“Ўзбеккино” Миллий агентлиги Бош директори Атабек Мусаев ушбу фестивал Хитой ва Ўзбекистон ўртасидаги дўстлик муносабатларининг муҳим таркибий қисми эканлигини алоҳида таъкидлаб, кино санъати халқларнинг урф одати ва маданиятини тарғиб қилишда катта омил бўлишини ҳамда ушбу маданий тадбир икки мамлакат ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилишини билдирди.

Фестивал режиссёр Ёлқин Тўйчиев томонидан суратга олинган “Ҳаётда...” филми билан очиб берилди. Шунингдек, фестивал доирасида юртимиз киноижодкорлари томонидан яратилган “Қудуқ”, “Виждон”, “Ота”, “Тубанлик”, “Сеҳрли қалпоқча” номли бадиий филмлар кунчиқар юрт киноихлосмандларига намойиш этилади.

Тадбирлар доирасида кинематография йўналишидаги алоқаларни янада мустаҳамлаш, ҳамкорликда кинофилмлар ишлаб чиқариш, кинематография объектларини модернизация қилиш, техник ва технологик қайта жихозлаш бўйича Хитой Халқ Республикаси Маданият вазирлиги, Матбуот, ноширлик, радиоэшиттириш, кинематография ва телевидение ишлари бўйича Давлат бош бошқармаси ҳамда бир қатор йирик киностудиялар раҳбарлари билан музокаралар олиб бориш кўзда тутилган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!