Ўзбекистон фуқароларнинг 91,8 фоизи Тошкентда ўтган ШҲТ саммитини кузатиб борди

15:10, 30 июнь

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази 2016 йилнинг 23-24 июнь кунлари пойтахтимизда ўтказилган Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгаши мажлиси якунларини ўрганишга бағишланган экспресс-сўров ўтказди. 

Сўров натижалари шундан далолат берадики, мамлакатимиз фуқаролари Президентимиз Ислом Каримовнинг Шанхай ҳамкорлик ташкилотига Ўзбекистоннинг раислиги давридаги фаолиятига юксак баҳо берган. ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг Тошкентдаги мажлиси ушбу ташкилот тарихида ШҲТ фаолияти самарадорлигини ошириш, минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда хавфсизликни мустаҳкамлаш мақсадида муҳим келишувларга эришилган саммит сифатида алоҳида ўрин эгаллашини таъкидлаган. 

Фуқароларнинг аксарияти (91,8 фоизи) саммитни кузатдингизми, деган саволга ҳа, деб жавоб берган. 

Сўров халқимиз ўз мамлакати ва энг нуфузли ташкилотлардан бирига уч марта раислик қилган Президенти ҳамда унинг халқаро майдонда обрў-эътибори ортиб бораётгани билан фахрланишини кўрсатди. Сўров иштирокчиларининг 100 фоизи шундай жавоб берган. 

Фуқароларимиз Тошкент саммитида Ҳиндистон ва Покистоннинг ташкилотга қўшилиши тўғрисидаги масала ҳал этилганини ижобий баҳолайди. 

Аксарият иштирокчиларнинг фикрича (92,2 фоиз), ШҲТ Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлиси хайрихоҳлик, ўзаро ишонч ва ҳурмат руҳида ўтди. Саммит иштирокчиларининг амалий мулоқот қилишга интилиши ШҲТга аъзо давлатлар раҳбарларининг кўп томонлама муваффақиятли ҳамкорлигининг асосий омилига айланди. 

Сўров якунларининг кўрсатишича, юртдошларимиз саммит натижаларидан тўла қониқиш ҳосил қилган. 98,2 фоиз иштирокчининг фикрича, ШҲТнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов раисилигида ўтган Тошкент саммити ШҲТ Давлат раҳбарларига ташкилот доирасида кўп томонлама ва ўзаро манфаатли ҳамкорликни янада мустаҳкамлашга доир муҳим масалаларни муҳокама қилиш билан бирга, бошқа минтақавий ва халқаро долзарб масалалар бўйича фикр алмашиш имконини берди. 

Юртдошларимизнинг кўпчилиги (92,4 фоизи) саммитда ШҲТни янада мустаҳкамлаш, унга аъзо давлатлар хавфсизлиги ва барқарор тараққиётини таъминлаш, барча соҳаларда ҳамкорликни кенгайтириш, шунингдек, терроризм, экстремизм ва сепаратизмга қарши курашиш бўйича эришилган келишувларни тўлиқ қўллаб-қувватлайди. 

Сўровда Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарларининг Тошкентда ўтказилган 15-юбилей мажлисида қабул қилинган қарорлар ШҲТ маконида ўзаро ишонч, дўстлик ва яқин қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, тинчлик, минтақавий хавфсизлик ва барқарорликни таъминлашга хизмат қилишига ишонч билдирилди. 

Экспресс-сўров давомида аҳоли томонидан Ўзбекистон ва шахсан Президент Ислом Каримовнинг ШҲТга раислик қилгани тарихий аҳамиятга эга экани алоҳида қайд этилди. 97,3 фоиз иштирокчининг фикрига кўра, ШҲТ Давлат раҳбарлари учрашувида эришилган улкан муваффақият ва ижобий натижалар кўп жиҳатдан Ўзбекистоннинг ташкилотга раислиги ҳамда Президентимиз раҳнамолигида мажлисга юксак савияда тайёргарлик кўрилгани самарасидир. 

97,6 фоиз иштирокчи ШҲТнинг Тошкент саммитидан кутилган самарага тўлиқ эришилди, деб ҳисоблайди. Уларнинг аксарияти Ўзбекистон Президенти раҳнамолигида халқаро муносабатларни ривожлантириш орқали ташкилот фаолиятини янада такомиллаштиришга доир самарали чоралар кўрилаётгани, Марказий Осиё минтақаси ва умуман, ШҲТ маконида хавфсизлик ҳамда барқарорликни таъминлаш билан боғлиқ муҳим ташаббуслар ишлаб чиқилиб, жорий этилаётганига ишончи комил. 

Сўровда иштирок этган 99,6 фоиз респондентнинг фикрича, Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг 15-юбилей мажлиси Тошкентда муваффақиятли ўтказилгани мамлакатимизнинг жаҳон ҳамжамиятидаги мавқеини янада юксалтиришга хизмат қилади. 

«Ижтимоий фикр» маркази материаллари асосида ЎзА мухбири
Нодира Манзурова тайёрлади.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!