Президент Ислом Каримов Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюрди

10:50, 01 июль

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ислом Каримов жойларда ижтимоий-иқтисодий ислоҳотларнинг бориши, амалга оширилаётган бунёдкорлик ва ободонлаштириш ишлари билан яқиндан танишиш мақсадида 30 июнь куни Сурхондарё ва Қашқадарё вилоятларига ташриф буюрди.  

Ислом Каримов Сурхондарё вилоятига сафарини Термиз шаҳрида миллий ва замонавий меъморлик услублари асосида барпо этилган Хотира майдони билан танишишдан бошлади. Вилоят марказида бунёд этилаётган муҳташам санъат саройида қурилиш ишларини олиб бориш юзасидан тавсиялар берди.

Давлат раҳбари Термиз туманидаги «Янгиариқ пахтакори» фермер хўжалиги даласида бўлиб, вилоят фаоллари ва фермерлари билан суҳбатлашди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари парваришида замонавий технологиялардан самарали фойдаланиш, истиқболли навларни экиб, ҳосилдорликни янада ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди. Дунёда озиқ-овқат маҳсулотлари тақчиллиги кучайиб бораётган бир пайтда мавжуд экин майдонларидан самарали фойдаланиш ва ҳудуднинг экспорт салоҳиятини ошириш бўйича таклифларини билдирди.

Ислом Каримов Термиз шаҳридаги Ҳаким ат-Термизий мажмуасини ҳам зиёрат қилди. Мажмуани таъмирлаш юзасидан тегишли тавсиялар берди. Бунда воҳанинг ўзига хос анъаналари, замонавий меъморлик усулларидан фойдаланиш кераклигини қайд этди.

Куннинг иккинчи ярмида Президент Қашқадарё вилоятига ташриф буюрди.

Капитал таъмирланиб, замонавий қиёфа касб этган Қарши темир йўл вокзалини кўздан кечирар экан, уни янада кўркамлаштириш, бино пештоқини Қашқадарё тарихига оид нақшлар билан безатиш, йўловчиларга замонавий қулайлик яратиш бўйича кўрсатмалар берди.

Давлат раҳбари «Насаф» марказий стадионини бориб кўрди. 16 минг томошабинга мўлжалланган ушбу стадион халқаро талабларга жавоб беради. Бу ерда мамлакат ва халқаро миқёсдаги мусобақалар ўтказилиши мумкин.

Ислом Каримов стадионни реконструкция қилиш, спортчилар ва томошабинлар учун қулайликларни янада ошириш, хавфсизлик чораларини кучайтириш бўйича зарур тавсиялар берди.

Президент Қарши шаҳрининг Мустақиллик ва Ўзбекистон кўчалари чорраҳасида бунёд этилган курантни кўздан кечирди. Қарийб 30 метрлик курант оқ мармар билан қопланган, миллий колорит билан безатилган. Аҳоли ва транспорт воситаларининг ҳаракатланиши учун қулайлик ва хавфсизлик яратиш мақсадида улкан қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилган.

Давлат раҳбари Мустақиллик кўчаси бўйидаги хиёбонга ташриф буюрди. Шаҳар аҳолиси ва меҳмонларининг дам олиши учун имконият яратиш, майдонда мўътадил иқлимни таъминлаш мақсадида бу ерда улкан фавворалар бунёд этилди. Мутасаддиларнинг маълум қилишича, Қарши шаҳрида 50 та фаввора қурилиши режалаштирилган, бугунги кунда уларнинг 28 таси ишлаб турибди.

Ислом Каримов ўтган йили Қашқадарёга ташрифи чоғида Амир Темур тарихий кўпригини таъмирлаш, дарё атрофини дам олиш масканига айлантириш бўйича зарур тавсиялар берган.  Ўтган вақт давомида кўприк замонавий талаблар асосида реконструкция қилинди. Қирғоқ бўйидаги эски бинолар ўрнида гўзал хиёбон бунёд этилди. 24 гектар майдон кўкаламзорлаштирилиб, 4 мингдан ортиқ манзарали дарахт ва буталар экилди. Давлат раҳбари ушбу кўприк ва хиёбон билан танишди.

Президентнинг Қашқадарё вилоятига сафари давом этмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!