Тошкентда ижтимоий кўмак маркази очилди

15:03, 01 июль

Тошкентда 28 июнь куни аҳолининг ижтимоий ёрдамга муҳтож гуруҳлари вакиллари учун Ижтимоий кўмак маркази очилди, дея хабар беради “Газета.uz”. 

Икки йиллик синов лойиҳаси Германиянинг Халқ университетлари ассоциацияси (DVV International) томонидан амалга оширилиб, унда 1200 нафардан зиёд ҳимояга муҳтож эркак ва аёллар — Тошкент ва пойтахт вилоятида яшовчи жазони ижро этиш муассасаларидан озод қилинган, гиёҳванд моддаларга қарам, ОИВ вирусига чалинган, сил касаллиги билан оғриган ва бошқа шахслар қамраб олинади.

Марказ фаолияти психологик ва юридик ёрдам кўрсатиш, касбий тайёргарликдан ўтишда ёрдам беришга қаратилган.

Турли хатар гуруҳларига мансуб одамлар билан ишлар экан, марказ уларга йўқотилган ижтимоий фойдали алоқаларни тиклаш, таълим олиш ва меҳнат фаолияти билан шуғулланиш, жамиятдаги ўз ўрнини топишда ишончли иштиёқни шакллантиришда ёрдамлашади, деди ЕИнинг Ўзбекистондаги элчиси Юрий Штерк.

Марказ фаолияти давлат тузилмалари, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари, ННТ, таълим муассасалари ва мутахассислар кучларини бирлаштиришга ҳам йўналтирилган, дея қайд этди у.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!