Камчаткада одамхўр айиқ отиб ўлдирилди

11:38, 04 июль

Камчаткада одамхўр айиқ отиб ўлдирилди, деб хабар берди “Lenta.ru” нашри. 

1 июль куни Камчатканинг Елизовский туманида ваҳший айиқ тирноқлари бурдалаб ташлаган эркак жасади топилган. Одамхўр айиқни ушлаш учун бир кун вақт кетди, у воқеа жойидан узоқ бўлмаган ерда изғиб юрган. У тахминан  4-4,5 ёшдаги, оғирлиги 170 килограмм бўлган она айиқ бўлиб чиқди.  

Эркакнинг ўлими юзасидан Россия тергов қўмитасининг ҳудудий бошқармаси томондан тергов-суруштирув ишлари олиб борилмоқда. Жасад қолдиқлари эса экспертизага юборилган

“Дастлабки суд-тиббиёт экспертизасининг хулосасига кўра эркак жасадида айиқнинг тиши ва тирноқларидан олган жароҳатдан ташқари, ўткир тиғли жисм билан кесилган жароҳатлар ҳам бўлган. Ҳозирда эркак айиқ ҳужумидан ҳалок бўлгани ёки олган тан жароҳати оқибатида ҳаётдан кўз юмганлигига аниқлик киритилмоқда”, деб хабар берди бошқарма ходимларидан бири.

Йил бошидан бери Камчаткада инсон ҳаётига хавф солган етти нафар айиқ отиб ўлдирилган. Ўрмон хўжалиги агентлигининг маълумот беришича, ярим оролда 21 мингдан ортиқ йиртқич айиқлар яшайди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!