Уй шароитида ботокс ўрнини босувчи 10 ниқоб

12:19, 07 июль

Желатин — юз терисини таранглаштириш, майда ажинлардан, турли шишлардан халос қилиш, тозалаш хусусиятларига эга, дейди “Сosmo.ru” нашри.  

Желатин – юз терисини таранглаштириш учун зарур бўлган коллагеннинг табиий конидир. Желатинда тери учун зарур бўлган аминокислоталар, ҳужайраларни қайта тикловчи глицин, тери намлигини меъёрида ушлаб турувчи пролин, тери эластиклигига жавобгар бўлган аланин, ҳужайра қувват манбаси бўлган глютаминлар мавжуд. Бу рўйхатни давом эттирадиган бўлсак, унинг кони фойдалигига ўзингиз амин бўласиз. 

УЙ ШАРОИТИДА ЖЕЛАТИНДАН НИҚОБ ТАЙЁРЛАШ ҚОИДАЛАРИ

•  Озиқ-овқатда фойдаланиладиган оддий желатиндан фойдаланинг.
•  Уни фақат совуқ сувда ивитинг (ёки сут, доривор ўсимликлар дамламаси билан ҳам ивитишингиз мумкин, аммо улар ҳам фақат совуқ ҳолда ишлатилиши лозим!).
•  Ҳар доим 1 чой қошиқ желатинга 7 чой қошиқ суюқлик қўшинг.
•  Уларни то шишиб чиққунга қадар бир неча соат ивитиб қўйинг. Уларнинг ортиқ шишмаслигига ишонч ҳосил қилгач, ишлатишингиз мумкин.
•  Юз терисига желатинни суртишдан олдин уни сув ваннасида иситиб олинг, аммо қайнатиб юборманг.
•  Уй шароитида тайёрланган ниқобни сақлаб бўлмайди, уни бир марта ишлатиш мумкин.

ЖЕЛАТИНЛИ НИҚОБНИ СУРТИШ ҚОИДАЛАРИ
•  Желатинли ниқобни суртишдан олдин юзингиздаги макияжни ўчириб, скраб ёки пилинг ёрдамида тозаланг.
•  Ниқоб суртишдан олдин юзингизни қуритинг.
•  Ниқобни бир текисда энгакдан пешана томонга қараб суртинг.
•  Кўз атрофига ниқоб суртманг.
•  Ниқобни суртиб бўлгандан кейин 30 дақиқа давомида гаплашманг, юз мускулларини зўриқтирманг.
•  Ниқобни аввал илиқ сув, кейин совуқ сув билан ювинг. Шунда ҳам кетмаса, сутга ботирилган пахта билан артинг ёки ниқобни плёнкани кўчиргандай кўчириб олинг.

ЖЕЛАТИНЛИ НИҚОБЛАР РЕЦЕПТИ
Антиоксидант ниқоб

Бир ош қошиқ желатинга 6 ош қошиқ сув қуйиб, то шишиб чиққунча қолдиринг. 6-7 дона узум доначасини уруғи билан эзинг, кейин уни желатинга қўшиб, аралаштиринг. Сув ваннасида қиздириб, 30 дақиқага юзингизга суртиб қўйинг.

Ёғсизлантирувчи ниқоб
1 чой қошиқ желатин устига 3 қошиқ кефир ёки 3 қошиқ сут қуйинг. Желатин шишиб чиққач, 1 ош қошиқ сули ёрмасидан солинг. Бу ниқоб тери тешикларини тозалаб, ёғ безларининг фаоллигига қаршилик қилади.  

Лифтинг-ниқоб
Желатинни ивитиб қўйиб, мевали пюре қилишга киришинг. Агар юз терингиз қуруқ бўлса, авокадо ёки ўрикдан, меъёрида бўлса, киви ёки апельсиндан, мабодо юз терингиз ёғли бўладиган бўлса, гилос ёки грейпфрутдан фойдаланишингиз мумкин. Тайёр бўлган пюрени желатин билан аралаштириб, 30 дақиқага юзингизга суртинг.

Ботокс ўрнини босувчи ниқоб
1 чой қошиқ шафтоли ёғига, 1 чой қошиқ алоэ шарбати, 1 капсуладан А ва Е витаминини ивитиб, шиширилган желатинга аралаштиринг. Бу ниқобни ҳафтасига 2 мартадан 3 ҳафта давомида суртиш керак бўлади. Бу ниқоб ҳақиқатан ҳам ботокс ўрнини юосади!

Ёшартирувчи ниқоб
Сувда ивитилган желатинга 1 чой қошиқ аптека глицеринидан ва асалдан қўшинг. Уй шароитида тайёрланган бундай ниқоб юз терисини ёшартириш хусусиятига эга.

Тери тешикларини тозаловчи ниқоб
Фаоллаштирилган кўмир таблеткаларини ҳовончада туйинг, кейин унга сувда ивитилган желатинни қўшинг. Уни Т-зонасига ва энгагингизга суртинг. Бу рецепт ёрдамида юздаги қора нуқталардан халос бўлиш мумкин.

Терини таранглаштирувчи ниқоб
Желатинни сутда ивитинг, кейин унга 1 дона тухум оқиини қўшинг. Аралашма қуюқ бўлгани учун уни куракча ёки чўткача ёрдамида юзингизга бир текисда суртинг.

Озиқлантирувчи ниқоб
Сутда ивитилган желатинга 1 ош қошиқ творог қўшинг. Бундай ниқоб нафақат озиқлантирувчи, балки юмшатиш ва терини тиниқлаштириш хусусиятига ҳам эгадир!

Оқартирувчи ниқоб
Желатинни бир дона бодринг сувига ивитинг. Аралашмани хона ҳароратида совутиб, юзингизга суртинг.

Юмшатувчи ниқоб
Агар юз терингиз шамолдан қуриб,ёрилган бўлса, ивитилган желатинни сув ваннасида қиздираётганда озгина сариёғ қўшинг. Сариёғ эриб кетгач, аралашмани совутинг, илиқ ҳолга келгач, зарарланган жойларга суртинг.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!