Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш асосларини такомиллаштириш — давр талаби

14:47, 08 июль

Айни пайтда Олий Мажлис Қонунчилик палатасида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрири қизғин муҳокама қилинмоқда. Мазкур жараёнда сиёсий партиялар фракциялари партия дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиққан ҳолда ўз позицияларини билдирмоқда.

Хусусан, “Ўзбекистон овози” газетасининг жорий йил 30 июндаги сонида “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонун мукаммал бўлиши керак” сарлавҳаси остида ЎзХДП фракцияси нуқтаи назари, “Адолат” газетасининг 1 июлдаги сонида эса “Она табиатнинг ажралмас қисми муҳофазаси” сарлавҳали мунозарада “Адолат” СДП фракциясининг нуқтаи назари эълон қилинди. Бу борада Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг ҳам ўз нуқтаи назари мавжуд.

Бугунги кунда Ўзбекистон фаунаси 709 турдаги умурт¬қали, шу жумладан 470 турдаги қуш, 109 турдаги сутэмизувчи, 64 турдаги судралиб юрувчи, 63 турдаги балиқ, 3 турдаги амфибия ҳамда 15000 турдан ортиқ умуртқасиз ҳайвонлардан ташкил топган.

Мамлакатимизда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиш бўйича 1997 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дун¬ёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуни, биологик ресурсларни, шу жумладан ҳайвонот дунёсини сақлаш ва улардан самарали фойдаланишга йўналтирилган бир қатор қонун¬ости ҳужжатлар қабул қилинган.

Шу билан бирга, Ўзбекистон ўз миллий манфаатларидан келиб чиқиб,  ушбу соҳада халқаро муносабатларга интеграциялашув мақсадида қатор муҳим халқаро экологик норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, хусусан, “Йўқолиб кетиш хавфи остидаги ёввойи фауна ва флора турлари билан хал-қаро савдо қилиш тўғрисида”ги, “Ёввойи ҳайвонларнинг кўчиб юрувчи турларини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Асосан сувда сузувчи қушлар яшаш жойлари сифатида халқаро аҳамиятга эга бўлган сув-ботқоқ жойлари тўғрисида”ги Конвенцияларга қўшилди, ёввойи ҳайвонларни муҳофаза қилиш бўйича давлатлараро битимлар имзоланди.

2009 йилда нашр этилган Ўзбекистон Республикаси Қизил китобига 184 турдаги ёввойи ҳайвоннинг киритилганлиги ҳайвонот дунё¬сини муҳофаза қилиш борасида олдимизда улкан вазифалар турганидан далолат беради. Чунончи, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг бузилиши кенг тарқалган бўлиб, табиатни муҳофаза қилишга оид жами қонунбузарликнинг 40 фоиз¬га яқинини ташкил этади. Статистик маълумотларга кўра, 2010 2014 йиллар давомида биологик ресурсларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар учун 35 минг нафардан ортиқ шахс¬ларга 1882,2 миллион сўм миқдорида жарима солинган, етказилган зарарни қоплаш бўйича эса 970,2 миллион сўмлик даъволар киритилган.

Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан хал¬қаро амалиёт ва миллий тажрибани ўрганиб, амалдаги қонун бўшлиқларини бартараф этиш, қонун нормаларини амалга ошириш бўйича аниқ механизмларни белгилаш ҳамда ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини ошириш мақсадида “Ҳайвонот дунё¬сини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонуннинг янги таҳрирда тайёрлангани алоҳида аҳамият касб этади.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияси аъзолари мазкур қонун лойиҳасини атрофлича муҳокама этиб, унда ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва фойдаланиш соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий йўналишлари, давлат бошқарувини амалга оширувчи органлар ва уларнинг ваколатлари аниқ белгиланаётганлигини, ҳайвонот дунёси объект¬ларидан махсус фойдаланиш учун рухсатномалар бериш тартиби, ёввойи ҳайвонларни тутиш ҳажмларини белгиловчи аниқ процессуал механизм¬лар ўрнатилаётганлигини, ҳайвонот дунё¬си объектларини мамлакатимизга олиб кириш ва олиб чиқиш қоидалари ва шартлари аниқлаштирилаётганлигини, ушбу соҳадаги ишларга кенг жамоатчиликни жалб этиш ва фаоллигини оширишга йўналтирилган нормалар мустаҳкамланаётганлигини алоҳида эътироф этдилар.

Бизнинг фикримизча, лойиҳада ҳайвонот дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунёси давлат кадастрини юритиш механизмларининг такомиллаштирилаётгани айни муддаодир. Чунки, амалдаги қонуннинг 8 моддасида ҳайвонларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ҳажм¬ларини ҳисобга олиш, ҳайвонот дунёси давлат кадастри масалаларига оид нормалар белгиланган. Ҳайвонларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунёси давлат кадас¬трини юритиш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган. Бироқ, ушбу ишларни ҳам Ўзбекис¬тон Республикаси Давлат бюджети маблағлари, ҳам қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бош¬қа манбалар ҳисобидан амалга оширилишини белгилаш республика ва маҳаллий даражадаги мавжуд табиатни муҳофаза қилиш фондлари ҳамда турли грант маблағларини ушбу мақсадларга жалб қилиш имконини яратади (қонун ло¬йиҳасининг 15-моддаси). Бу кадастр ишларини юритиш сифатини янада оширишга хизмат қилади. Шунинг учун фракциямиз ҳайвонот дунёсининг давлат кадастрини юритиш учун бошқа маблағларни ҳам жалб қилишни мақбул деб ҳисоблайди.

Айни шу нуқтаи назардан, Ўзбекис¬тон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг бу ишлар фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур, табиатни муҳофаза қилиш фондларининг маблағларидан эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник базасини кучайтириш мақсадида фойдаланиш лозим, деган фикрига қўшилиб бўлмайди. ХДП фракциясининг бу борадаги позицияси биз учун тушунарсиз. Чунки Давлат бюджетидан ташқари маблағларни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш мақсадида жалб этиш Давлат бюджети маблағларини иқтисод қилишга олиб келади. Бу эса Давлат бюджетидан ижтимоий соҳани молиялаштиришга, партия электорати ҳисобланадиган кам таъминланган аҳоли қатламини янада қўллаб-қувватлашга замин яратади.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 36-моддасида ов қилишда тақиқланган қуроллар ва ов қилиш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги ҳолати белгиланмоқда. Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси аъзоларининг фикрича, мазкур моддада тақиқланган қуроллар ҳамда ов қилишнинг тақиқланган усулларини тўлиқ баён этиш лозим. Бироқ, бизнингча, қонун нормасида барча тақиқланган қурол ҳамда ов қилишнинг тақиқланган усулларини санаб ўтишнинг имкони йўқ. Чунки, вақт ўтиши билан турли-туман ов қуроллари ҳамда усуллари пайдо бўлиши, уларнинг айримлари бизнинг мамлакатимизда тақиқланиши мумкин. Шунинг учун тақиқланган қурол ва усулларнинг Ўзбекистон Республикаси Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси раисининг буйруғи билан тасдиқланган ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан рўйхатга олинган “Ўзбекис¬тон Республикаси ҳудудида ов қилиш ва балиқ овлаш Қоидалари”да акс этганлигини тўғри, деб ҳисоблаймиз.

Қонун лойиҳасининг 49-моддаси бўйича ҳам партия фракциялари ўртасида турли тортишув ва баҳс-мунозаралар келиб чиқмоқда. Бу борадаги мухолифат фракциялар таклиф этаётган масала, яъни ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонунчилик талабларига риоя этилиши бўйича жавобгарликни янада ошириш масаласига фракциямиз қўшилмайди. Чунки, амалдаги қонунчилик, хусусан, Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 63, 90, 92, 93, 94 ва 222-моддалари ҳамда Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодекси 202-моддасида ушбу йўналиш бўйича жавобгарлик масалалари аниқ белгиланган.

Бундан ташқари, амалдаги қонунчиликда ғайриқонуний ов маҳсулотларини қабул қилиш, ов қилиш, балиқ тутиш, ҳайвонот дунёсидан фойдаланишнинг бошқа турларини амалга ошириш, ҳайвонлар яшайдиган муҳитни муҳофаза қилиш ҳамда зоологик ва ботаник коллекцияларни вужудга келтириш ва улар билан савдо қилиш қоидаларини бузиш, ноёб ёки йўқ бўлиб кетиш хавфи мавжуд бўлган ҳайвонларни йўқ қилиб юбориш, ўлжа олиш, қирилиб кетиши, сони камайиб кетиши ёки яшаш муҳити бузилишига сабаб бўлиши мумкин бўлган бошқа ҳаракатларни содир этганлик учун маъмурий ҳамда ҳайвонот дунёсидан фойдаланиш тартибини бузганлик учун жиноий жавобгарликлар белгиланган. Шу боис, бизнингча, бу соҳадаги қонунчилик ижроси устидан назоратни кучайтириш ҳамда қонунбузарларга нисбатан жавобгарликнинг муқаррарлигини таъминлаш мақсадга мувофиқдир.

Мухтасар айтганда, ЎзМТДП фракция¬си ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш, Ўзбекистон Республикасининг “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунини янги таҳрирда қабул қилишни тўлиқ қўллаб-қувватлайди.

Жуманазар ОТАЖОНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!