Она табиатнинг ажралмас қисми муҳофазаси қонунчиликда адолатли ёндашув таъминланишини талаб этади

14:51, 08 июль

Ҳозирги глобаллашув ва ривожланиш шароитида дунё бўйлаб табиий ресурсларга бўлган эҳтиёж ортиб бормоқда. Афсуски, ўз эҳтиёжини қондириш мақсадида инсонлар томонидан табиатга зарар етказиш ҳолатларига деярли ҳар куни гувоҳ бўлиш мумкин. Шу боис экологик хавфсизлик масаласи бугунги даврнинг долзарб муаммоларидан бирига айланди ва бу сайёрамиз халқларини ташвишга солмоқда.

Мамлакатимизда мустақилликнинг илк кунлариданоқ ушбу масалага алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда. Конституциямизнинг 50-моддасида фуқаролар атроф табиий муҳитга эҳтиёткорона муносабатда бўлишга мажбурлиги, 55-моддасида ер, ер ости бойликлари, сув, ўсимлик ва ҳайвонот дунёси ҳамда бошқа табиий захиралар умуммиллий бойлик эканлиги, улардан оқилона фойдаланиш зарурлиги ва улар давлат муҳофазасида бўлиши мустаҳкамланган.

Ўтган қисқа даврда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида барқарор ривожланишни таъминлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан, шу жумладан, биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган изчил ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсатни амалга ошириб келмоқда. Хусусан, табиатни муҳофаза қилиш масалаларига оид пухта ҳуқуқий база яратилди. “Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида”ги, “Ўсимлик дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги, “Муҳофаза этиладиган табиий ҳудудлар тўғрисида”ги, “Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида”ги қонунларнинг қабул қилиниши ва ҳаётга татбиқ этилиши соҳада қонунийликни мустаҳкамлаш ҳамда фуқароларнинг экологик маданияти юксалишига хизмат қилмоқда.

Жамиятнинг тараққиёт йўлида жадал ривожланиб бораётганлиги, дунёда содир бўлаётган экологик вазият, унинг ўсимлик ва ҳайвонот дунёсига салбий таъсирининг олдини олишга қаратилган қонунчиликни такомиллаштириш, бу табиий бойликларни келажак авлодга етказиш ва улардан оқилона фойдаланиш, уларга нисбатан қонунга хилоф муносабатда бўладиган шахслар жавобгарлигини кучайтириш, ўз навбатида, бу борадаги муносабатларни тартибга солувчи қонунларни халқаро ҳуқуқий тажриба, замонавий илм-фан ва технология ютуқлари асосида янада такомиллаштириш ҳамда замон талабларига мос ҳолатга келтиришни талаб этади.

Ноқонуний тутилган ҳайвонот дунёси объектлари қийматини айбдор шахслардан ундириш ким томонидан ва қандай тартибда амалга оширилишини аниқ кўрсатиш лозим.

Шундай мақсадларни кўзлаган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг 2015 йилга ва кейинги йилларга мўлжалланган қонун ижодкорлиги, назорат-таҳлил ва ташкилий-ҳуқуқий ишлари дастурига мувофиқ ишлаб чиқилган «Ўзбекистон Республикасининг «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ҳам ҳайвонот дунёсини асраб-авайлаш ва улардан оқилона ва самарали фойдаланишга хизмат қилиши билан биргаликда, ҳар биримизни табиат бойликларига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Аввало, мазкур қонун лойиҳаси амалдаги қонундан нечоғлик фарқланиши, қандай концептуал ўзгартиш ва қўшимчалар киритилиши назарда тутилгани ҳақида тўхталишдан олдин унинг фракциямиз аъзолари томонидан алоҳида қизиқиш билан муҳокама этилаётганлигини таъкидлаш лозим. Зеро, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партиясининг Сайловолди дастурида атроф-муҳит ифлосланишининг олдини олиш, ҳайвонот олами ва ўсимлик дунёси дахлсизлигини таъминлаш орқали барқарор ривожланишга эришиш асосий фаолият йўналишларидан бири сифатида белгиланган.

Экотизимларнинг емирилишга мойиллиги, табиат объектларининг кучсиз табиий қайта тикланиши ва такрор кўпайиши, шунингдек, инсон фаолиятининг табиий мажмуаларга сезиларли салбий таъсири республикада ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилишнинг зарурлиги ва ўта муҳим аҳамиятини белгилаб беради.

Фракциямиз қонун лойиҳаси ҳаволаки нормаларсиз қабул қилиниши тарафдори.

Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан жойларга чиқиб, «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги қонун талабларининг бажарилиши ва амалдаги қонун нормалари доирасида ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳолатини назорат-таҳлил фаолияти тартибида ўрганиш натижалари қонунчиликнинг ҳозирги кундаги ривожланиши ва халқаро шартномаларнинг қоидаларини инобатга олган ҳолда янги ҳуқуқий нормаларни қабул қилиш зарурати мавжудлигини кўрсатмоқда.

Қайд этиш лозим, қонун лойиҳаси 1997 йилда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунидан мутлақо фарқ қилиб, у мустақиллик йилларида ҳайвонот оламини асраб-авайлаш ва уларни кўпайтириш борасида амалга оширилган ислоҳотлар ва шаклланган амалиёт ҳамда шу соҳадаги халқаро тажриба инобатга олинган ҳолда ишлаб чиқилган.

Қонун лойиҳасини тайёрлаш жараёнида қонунчилик ташаббуси субъектлари томонидан халқаро конвенция ва битимлар, шунингдек, ушбу соҳадаги бошқа халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар, халқаро ташкилотларнинг, Европа Иттифоқининг ҳуқуқий ҳужжатлари, АҚШ, Германия, Япония, Хитой каби етакчи давлатларнинг, шунингдек, МДҲ мамлакатларининг қонунлари таҳлил қилинди.

Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш зарур.

Муҳокамалар давомида фракциямиз аъзолари Ўзбекистон “Адолат” СДПнинг Сайловолди дастурида белгиланган вазифалардан келиб чиққан ҳолда қонун лойиҳасига бир қатор ўзгартиш ва қўшимчаларни киритиш таклифини илгари сурмоқда. Хусусан, фракциямиз ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солувчи моддалар тўғридан-тўғри қонун лойиҳасида келтирилган бўлиши, бу борадаги фаолият Вазирлар Маҳкамаси, яъни ҳукумат томонидан қўшимча ваколатлар эвазига эмас, балки бевосита мазкур қонун асосида тартибга солиниши лозимлигини қайд этади. Қолаверса, фракциямиз қонун лойиҳаси ҳаволаки нормаларсиз қабул қилиниши тарафдори. Жумладан, қонун лойиҳасининг 18-моддаси тўртинчи бандида камёб ва йўқолиб кетиш хавфи остида турган ёввойи ҳайвон турларини табиий муҳитдан ажратиб олиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан белгиланадиган зарур бўлган алоҳида ҳолларда йўл қўйилишига оид қисмини аниқлаштириш мақсадга мувофиқ, деб ҳисоблаймиз. Бундай алоҳида ҳолларнинг аниқ таснифи мазкур қонун лойиҳасида ҳаволаки шаклда эмас, балки тўлиқ акс эттирилиши лозим.

Шунингдек, лойиҳанинг 28-моддасида ҳам ҳаволаки норма назарда тутилган бўлиб, унда ҳайвонот дунёси объектларидан фойдаланганлик учун тўлов сифатида тушган маблағларни, жарима суммалари ва қоидабузарлардан ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун ундирилган суммаларни ҳисобга олиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланиши белгиланган. Бизнинг фикримизча, ушбу ҳаволаки нормани қонуннинг ўзида акс эттириш мақсадга мувофиқдир, яъни ҳайвонот дунёсига етказилган зарар учун ундирилган суммаларни ҳисобга ўтказиш, тақсимлаш ва улардан фойдаланиш тартибини ушбу модданинг ўзида тўлиқ ифодалаш керак.

Бундан ташқари, ташаббускорлар томонидан қонун лойиҳасининг 48-моддасида ҳайвонот дунёси объектлари, ёввойи ҳайвонларни қонунга хилоф равишда тутиш қуроли ва воситалари, шу жумладан, транспорт воситалари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши лозимлиги қайд этилган бўлиб, қонунга хилоф равишда тутилган ҳайвонот дунёси объектларини айбдор шахслардан олиб қўйиш имкони бўлмаган тақдирда, уларнинг қиймати қонун ҳужжатларида назарда тутилган миқдорлар ва тартибда ундирилиши таклиф этилмоқда.

Фракциямиз аъзоларининг фикрича, ушбу таклиф этилаётган нормани янада аниқлаштириш, хусусан, ноқонуний тутилган ҳайвонот дунёси объектлари қийматини айбдор шахслардан ундириш ким томонидан ва қандай тартибда амалга оширилишини аниқ кўрсатиш лозим. Шу билан бирга, ҳайвонот дунёси объектлари, ёввойи ҳайвонларни қонунга хилоф равишда тутиш қуроли ва воситалари, шу жумладан, транспорт воситалари олиб қўйилиши ёки мусодара қилиниши қайси ваколатли орган ёки ташкилот томонидан қандай тартибларда амалга оширилиши аниқ белгиланиши керак, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, фракциямиз ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни янада кучайтириш зарур, деб ҳисоблайди.

Шу сабабли, фракциямиз аъзолари томонидан мазкур қонун лойиҳаси билан бирга унинг қабул қилиниши натижасида қўшимча ва ўзгартишлар киритиш талаб этиладиган бошқа қонун ҳужжатлари, жумладан, Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекси ва Жиноят кодексига ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарликни кучайтирувчи нормаларни назарда тутувчи тегишли қўшимча ва ўзгартишлар киритиш ҳақидаги қонун лойиҳаси ҳам депутатлар эътиборига ҳавола этилиши лозимлиги юзасидан таклифлар билдирилди.

Шу ўринда фракциямиз Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон Либерал-демократик партияси ва “Миллий тикланиш” демократик партияси фракцияларидан таркиб топган “Демократик кучлар блоки” томонидан қонун лойиҳасининг 49-моддаси жавобгарлик масалаларига бағишланган Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги ҳамда Жиноят кодексларига бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар ва жиноятлар учун жавобгарликни кучайтиришни назарда тутувчи нормаларни киритиш керак эмас, балки жазо муқаррарлиги устидан назоратни кучайтириш лозимлиги ҳақидаги таклифларига қўшилмаслигини маълум қилади. Фракциямиз табиатни асраб-авайлаш ҳар бир шахснинг конституциявий бурчи эканлигини инобатга олган ҳолда, қонунларимизнинг ҳар биримизни табиатга нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш руҳида тарбиялашдаги аҳамияти катта эканлиги ва кўзланган мақсадларга бу соҳадаги ҳуқуқбузарликлар учун жавобгарликни кучайтирмасдан туриб эришиб бўлмаслигини таъкидлайди. Бу борада жавобгарликнинг кучайтирилиши эса, ўз навбатида, қонун талабларининг сўзсиз бажарилишини, уларга оғишмай амал қилинишини таъминлашга ҳамда ҳар бир шахснинг жазо муқаррарлиги ва ўз ғайриқонуний хатти-ҳаракатларининг оқибатларини тушуниб етишига, турли ҳуқуқбузарликлардан ўзини тийишига замин яратади.

Умуман олганда, юқорида фракциямиз аъзолари томонидан билдирилган таклифлар қонун лойиҳасини янада бойитишга, жорий этилаётган янги нормаларнинг амалдаги қонун ҳужжатлари билан ўзаро уйғунлиги ва ҳамоҳанглигини таъминлашга ва шу орқали уларнинг самарадорлиги ва таъсирчанлигини янада оширишга, қолаверса, фуқаролар ва юридик шахсларнинг ҳайвонот дунёсига нисбатан эҳтиёткорона муносабатда бўлиш борасидаги масъулиятларини кучайтиришга ҳамда ёш авлодни табиатни асраб-авайлаш, уни севиб, ардоқлаш руҳида тарбиялашга хизмат қилади.

Алишер МАХМАТМУРОДОВ,
Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги
Ўзбекистон “Адолат” СДП фракцияси аъзоси

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!