«Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун мукаммал бўлиши керак

14:54, 08 июль

ЎзХДП фракцияси Демократик кучлар блокининг қонун лойиҳаси бўйича билдирган айрим фикрларига қўшила олмайди.

Бугунги кунда Ўзбекистон халқаро ҳуқуқнинг тўлақонли субъекти сифатида барқарор ривожланишни таъминлашга, атроф-муҳитни муҳофаза қилишга, табиий ресурслардан, шу жумладан, биологик ресурслардан оқилона фойдаланишга қаратилган изчил ижтимоий-иқтисодий ва экологик сиёсатни амалга ошириб келмоқда.

Бу борада Ўзбекистон ХДП фракцияси ҳам ўз дастурий мақсад-вазифаларидан келиб чиқиб, она табиатни асраб-авайлаш, бу борада кенг жамоатчилик ўртасида тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш масаласига жиддий эътибор қаратмоқда.

Хусусан, жорий йилнинг 26 апрелида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида янги таҳрирда киритилган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси партиямиз фракцияси аъзолари томонидан қизғин муҳокама қилинди.

Амалдаги Қонунга киритилаётган ўзгартиш ва қўшимчалар биологик хилма-хилликнинг ажралмас қисми сифатида ёввойи ҳайвонларнинг генофондини комплекс муҳофаза қилиш нуқтаи назаридан ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга ҳамда қонунчиликдаги мавжуд бўшлиқларни тўлдиришга қаратилган янги ҳуқуқий нормаларни мустаҳкамлашни назарда тутади.

Ўзбекистон Республикасининг қонун ҳужжатлари таҳлили шуни кўрсатмоқдаки, 1997 йилда қабул қилинган «Ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни мамлакатимиз ҳудудида яшайдиган ҳайвонот олами, шу жумладан, кўчиб юрувчи ёввойи ҳайвонлар популяцияларини муҳофаза қилиш, улардан оқилона фойдаланиш, шунингдек, ёввойи ҳайвонларнинг яшаш муҳитини сақлаб қолиш соҳасидаги муносабатларни тартибга солиб келмоқда. Шу ўринда айтиш жоизки, партиямизнинг Сайловолди дастурида белгиланган — асосий принциплардан бири — бу давлатнинг тартибга солувчилик ролини янада мустаҳкамлашдан иборатдир.

Шу нуқтаи назардан, фракциямиз аъзолари томонидан қонун лойиҳасини ўрганиб чиқиш жараёнида лойи¬ҳада ушбу масалага ваколатли давлат органлари ҳамда уларнинг ваколатлари тўғрисидаги нормаларнинг киритилиши мазкур соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиёти самарадорлигини оширишга хизмат қилади, деб таъкидланди.

Шу билан бир қаторда, фракциямиз қонун лойиҳасининг айрим моддалари бўйича ўзининг аниқ қатъий позицияси ва таклиф-мулоҳазаларини ишлаб чиқди.

Масалан, Демократик кучлар блоки фикрича, ҳайвонот дунёси объектларини давлат томонидан ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунёси давлат кадастрини юритиш механизмларини такомиллаштириш зарур. Уларнинг фикрича, амалдаги Қонуннинг 8-моддасида ҳайвонларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва улардан фойдаланиш ҳажмларини ҳисобга олиш, ҳайвонот дунёси давлат кадастри масалаларига оид нормалар белгиланган бўлиб, унда ҳайвонларни давлат томонидан ҳисобга олиш ва ҳайвонот дунёси давлат кадастрини юритиш Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши назарда тутилган. Ушбу ишларни Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари билан бир қаторда қонун ҳужжатларида тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобидан ҳам амалга оширилишини белгиловчи нормаларнинг киритилиши бугунги кунда республика ва маҳаллий даражадаги табиатни муҳофаза қилиш фондлари маблағлари ҳамда турли грант маблағларидан фойдаланиш имконини яратади.

Бироқ фракциямиз фикрича, бу ишлар фақат Ўзбекистон Республикаси Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиши зарур, табиатни муҳофаза қилиш фондларининг маблағларидан эса Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник базасини кучайтириш мақсадида фойдаланиш керак.

Шу билан биргаликда, қонун ло¬йиҳасининг 14-моддасида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тадбирлари белгилаб берилган бўлиб, унда ушбу тадбирларда иштирок этувчи ходимларнинг ижтимоий ҳимоясига етарли эътибор қаратилмаган. Фикримизча, қонун лойиҳасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш тадбирлари белгиланган нормаларида Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси мансабдор шахсларининг мураккаб ва ноқулай табиий иқлим шароитларида меҳнат қилишларини инобатга олиб, уларни ижтимоий муҳофаза қилиш масалаларини мустаҳкамлаб қўйиш лозим.

Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-Демократик партиясининг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан илгари сурилаётган айрим моддаларни қонун лойиҳасидан чиқариб ташланиши тарафдоримиз. Бинобарин, қонун лойиҳасининг 22-моддасида ҳайвонот дунёсининг муҳофаза қилинишини ва ундан оқилона фойдаланилишини, шунинг¬дек, унинг яшаш муҳити муҳофаза қилиниши ва ҳолати яхшиланишини таъминлаётган юридик ва жисмоний шахсларга солиқ ҳамда бошқа имтиёзлар бериш йўли билан амалга оширилиши белгиланган. Бироқ ҳеч бир мамлакат амалиётида ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан оқилона фойдаланиш ёки унинг яшаш муҳити муҳофаза қилиниши ва ҳолати яхшиланишини таъминлаганлик учун юридик ва жисмоний шахсларга имтиёз қўлланилишига оид меъёр мавжуд эмас. Табиатни асраш, ундан оқилона фойдаланиш инсониятнинг асосий бурчи ҳисобланади, бундай ҳаракатни асло даромад манбаи ёки иқтисодий наф келтирувчи вазифага айлантириб бўлмайди. Шу сабабли ҳам ушбу моддани қонун лойиҳасидан чиқариб ташлаш керак, деб ҳисоблаймиз.

Шунингдек, қонун лойиҳасининг 36-моддаси тўртинчи қисмида ов қилишда тақиқланган қуроллар ва ов қилиш усулларини қўллашга йўл қўйилмаслиги кўрсатилган. Лекин, шу билан бирга, ов қилишнинг тақиқланган қуроллари ва усуллари лойиҳада аниқ кўрсатилмаган ёки ов қилиш ва балиқ овлашнинг тақиқланган қуроллари ва усуллари кимлар томонидан  белгиланиши очиб берилмаган. Бундай ҳолат ушбу нормани турлича тал¬қин қилиш ва қўллашга шароит яратиши мумкин. Шу сабабли мазкур моддада ушбу масалани аниқ белгилаш лозим, деб ўйлаймиз.

Муҳокамалар чоғида қонун лойиҳасининг ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш ва ундан фойдаланиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузганлик учун жавобгарлик  масаласини  белгиловчи49-моддасида, ҳайвонот дунёсини муҳофаза қилиш соҳасидаги қонунчилик талабларининг бузилиши кенг тарқалган хусусиятга эга эканлигига алоҳида эътибор қаратилди. Умуман олганда, Табиатни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси маълумотига кўра, республикамизда биологик ресурсларни муҳофаза қилиш соҳасидаги ҳуқуқбузарликлар, табиатни муҳофаза қилишга оид жами қонунбузарликларнинг 40 фоизга яқинини ташкил этади.

Бизнинг фикримизча, қонунчиликда мазкур масала юзасидан жавобгарликни белгилаш билан чегараланмасдан, ҳайвонот дунёсини муҳофаза  қилиш ва ундан фойдаланиш, қонун ҳужжатлари бузилиши олдини олиш самарадорлигини янада ошириш мақсадга мувофиқ. Шу нуқтаи назардан, Табиатни муҳофаза  қилиш давлат қўмитасининг моддий-техник базаси ва табиатдан фойдаланувчилар фао¬лияти устидан назоратни амалга оширувчи ходимларни керакли жиҳоз ва ускуналар билан таъминлашни кучайтириш зарур, деб ҳисоблаймиз.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, фракциямиз томонидан билдирилган таклиф ва мулоҳазалар мазкур қонун лойиҳасини янада такомиллаштиришга муҳим асос бўлиб хизмат қилади.

Аксавли ТУМИШОВА,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
ЎзХДП фракцияси аъзоси.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!