Бой ва бахтли бўлишнинг 15 сири

14:36, 09 июль

Албатта, ирим-сирим, феншуй орқали бахт ва давлатга эришиш илмий томондан асосланмаган. Аммо шунга қарамай, келинг, яна бир марта уриниб кўрайлик, балки бу сафар уларнинг ёрдами тегар, дейди “Starhit.ru” нашри. 

Уйингизга нима сотиб олсангиз ҳам жуфт қилиб, олинг.  Хонадонингизни сизнинг ички туйғуларингизни ифодаловчи — оққушлар, каптарлар, аёл ва эркак каби ўзингизга ёқадиган турли рамзлар билан безанг.  

МУНОСАБАТЛАР ТОШИ
Дўконларда феншуй белгиларидан бири бўлган биллур тошлар сотилади. Уни ётоқхонанинг жануби-ғарбий қисмига қўйиш керак. Биллур тошни сотиб олгандан кейин, тозалаш мақсадида, денгиз тузи қўшилган сувда етти кун сақлаш лозим. Агар ёқтирган инсонингиз турмушга чиқишни таклиф қилишини истасангиз, тошни ёруғлик тушадиган, кечқурун эса чироқ нури тушадиган жойга қўйинг.

БОЛАЛИК БИЛАН ХАЙРЛАШУВ
Уйдан барча болаликда ўйнаган ўйинчоқларингизни йиғиштиринг, ҳатто ҳалигача қўлдан қўймайдиган юмшоқ ўйинчоқларни ҳам олиб қўйинг. Чунки бу ўйинчоқлардан ёш болалик қуввати тарқалади. Улардан ажралишни истамасангиз, кўзга кўринарли жойга қўйишингиз мумкин.

ЎТМИШ ХОТРАЛАРИДАН ҚУТУЛИНГ
Уйингиздаги ўтмишингизни, бошдан кечирган оғир кунларингизни эслатувчи барча буюмлардан халос бўлишга ҳаракат қилинг. Эски буюмлар ўзидан салбий қувват тарқатади.

БОЙЛИК КЕЛТИРУВЧИ ҚУРБАҚА
Феншуй таълимотига кўра, уйнинг жануби-шарқий қисми моддий таъминотга жавобгар бўлади. Уни янада фаоллаштириш учун бу ерга оғзида майда чақа тишлаб турган қурбақани қўйинг, у тилла ранг бўлса, мақсадга мувофиқ бўлади. Пул келиши учун  қурбақанинг юзини хонанинг ички томонига қаратиб қўйинг. Яна хартумини юқорига кўтариб турган фил ҳам бойлик чақириш хусусиятига эга. Фил эса муваффақият чақириш учун ойнадан ташқарига қараб туриши керак. Кераксиз тақир-туқурларни чиқариб ташланг, улар пулнинг қувватига салбий таъсир кўрсатади.

ЁТОҚХОНА
Ётоқхонадаги диванни шундай қўйингки, унинг ҳар иккала томонидан ўтиш учун йўл қолсин. Диван устида албатта, икки ёстиқ ва битта адёл бўлиши лозим. Иложи борича, алоҳида икки кўрпадан эмас, балки кенгроқ битта кўрпадан фойдаланинг. Алоҳида солинган кўрпа эркак ва аёлнинг ажрашиб кетишига сабаб бўлиши мумкин. Диван тагида ҳеч нима сақламанг. Шкафнинг ёки полканинг учли қирраси тўшакка йўналмаганига эътибор беринг.

ҚУВВАТ БЕРУВЧИ ЎСИМЛИКЛАР
Тирик, табиий гуллар — ҳақиқий қувват манбаидир. Шахсий ҳаётда бахтга эришиш учун доимо стол устига тирик гуллар солинган гулдон қўйинг. Феншуй бўйича сариқ лола айрилиқ эмас, балки бахтли оилавий ҳаёт тимсолидир. Декоратив бамбукни ҳам кўзга ташланадиган жойга қўйиш мумкин. Шарқ маданиятида бамбук пояси куч-қувват, ирода ва қатъийлик тимсолидир.

СУРАТ, САВАТ…
Уйнинг ўнг бурчаги — меҳр-муҳаббат бурчаги ҳисобланади. Хонанинг айнан шу қисми тоза, озода ва ёруғ бўлиши лозим. Бу ерга иккита кресло ёки иккита стул қўйинг. Ётоқхона деворларини безашда пушти, шафтолиранг ёки ёрқин ранглардан фойдаланинг. Ётоқхонага тувакда гул қўйманг. Тирик гулларни гулдонга ёки саватга солиб қўйинг. Ҳеч қачон деворга қуёш ботаётгани, куз тасвирланган суратларни илманг. Яхшиси, натюрморт илинг. 

ОЛТИН БАЛИҚЧА
Уйда сувнинг оқиши тасвирланган сурат бўлгани ҳам фойдадан холи эмас, аммо сув юқоридан пастга оқмаслиги керак. Елканли кема тасвирланган сурат бўлса, кема ичкарига қаратиб илиниши керак. Аквариумдаги олтин балиқча эса ҳақиқий бойлик рамзидир. Олтин балиқча тоқ бўлиши керак. Аквариум сувини тез-тез янгилаб туринг, агар сув эскириб, лойқаланадиган бўлса, ишингиз орқага кетиши мумкин.

ЭШИКНИ МАҲКАМ ЁПИНГ
Ҳар доим ванна ва ҳожатхонанинг эшигини маҳкам ёпинг. Жўмракдан сувнинг томчилаб, оқиб туришининг олдини олинг. Ванна ва ҳожатхона уйдан ижобий қувватнинг оқиб чиқиб кетишига сабаб бўлади, шунинг учун бу хоналарнинг эшиги маҳкам ёпилиши, иложи борича, унитазнинг ҳам қопқоғини ёпиб қўйиш лозим.

БОЙЛИК ДАРАХТИ
Бойлик дарахти ўтқазилган тувакни ётоқхонадан бошқа ҳамма жойга қўйиш мумкин. Унинг барглари худди тангача каби йирик бўлиши керак. Бинафша ҳам бойлик чақириш хусусиятига эга.

СЕВИМЛИ РАНГ
Бойликка эришишни жудаям истасангиз, хонани яшил, бинафша ва нафармон рангларга бўянг. Пул бу рангларни жудаям хуш кўради. Шу рангли кўрпа, ёстиқ, чойшаблардан ҳам фойдаланишингиз мумкин. Киравериш жойга ўрнатилган тошойна киришга тескари равишда қўйилмаслиги лозим, акс ҳолда муваффақият кўчага чиқиб кетиши мумкин.

САРАНЖОМ-САРИШТАЛИК
Уйингизда ҳамма нарса озодаликдан ярқираши лозим. Ойна, идишлар, ҳатто энг кўзга ташланмайдиган жойлар ҳам чангдан, гарддан холи бўлиши керак. Дарз кетган, синиқ идишлардан ҳеч қачон фойдаланманг, иложи борича уларни ташлаб юборинг.

ҲАМЁНИНГИЗ РАНГИГА ЭЪТИБОР БЕРИНГ
Бир неча қизил рангли хатжилдларга йирик ҳажмдаги пуллардан солиб, уни “эртанги кун бахт мактуби”  деб атанг ва хонанинг турли бурчакларига қўйиб чиқинг. Уларга маълум  муддат тегинманг. Пул соладиган ҳамёнингизнинг ранги олтин, кумуш ва қизил рангда бўлса, бундай ҳамённи ҳеч қачон пул тарк этмайди.

ФЭНШУЙ
Феншуй – керакли, ижобий қувватни чақирувчи рамзлар мажмуидан иборатдир. У бизнинг ҳаётимизга ижобий таъсир қилади. Бу нарса аксарият дунё халқлари амалиётида мавжуд бўлган. Аммо уни илк маротаба Хитой ҳаётга татбиқ этган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!