Ўзбек санъаткорлари турмуш ўртоқларининг фамилиясига ўтиш жараёни ҳақида сўзлаб беришди

14:45, 09 июль

Қиз бола турмушга чиққанидан сўн, аксарият ҳолларда турмуш ўртоғининг фамилиясига ўтади. Аммо у эл назаридаги таниқли ижодкор бўлса-чи? Фамилиясини ўзгартиришга кўнармикан ёки таниқли фамилиясида қолишни маъқул топармикан деган фикрда “Ҳордиқ” газетаси бу савол билан баъзи бир ижодкор аёлларга мурожаат этди.

Мадина Мумтоз: “Менинг қизлик фамилиям Мусаева бўлишига қарамай, кўпчилик Мумтоз тахаллусим орқали танийди. Турмушга чиққач, турмуш ўртоғимнинг фамилиясига ўтишга қарор қилдим. Чустий деган камёб ва ноодатий фамилиям ҳалигача кўпчиликни ҳайратга солади. Нимагадир кўпчилик бу фамилияни тахаллус деб ўйлайди”.

Шодия Тўхтаева: “Барча қизлар сингари турмушга чиққач, турмуш ўртоғимнинг фамилиясига ўтдим. Ҳозир фамилиям Тўхтаева эмас, балки Абдуқодирова. Менимча, ижодда исм-фамилиянинг аҳамияти йўқ, фамилиям ўзгаргани билан ҳамон ўша-ўша Шодияман”. 

Паризода: “Мен ҳам турмушга чиққач, турмуш ўртоғимнинг фамилиясини қабул қилдим. Ҳозирги фамилиям Сафарова. Тахаллус билан ижод қилганим боис, ҳеч ким қизлик фамилиямни билмайди. Фамилиямни ўзгартирганим ҳеч қандай муаммо ва чалкашликларга сабаб бўлмади. Кейин Сафарова деган фамилия ҳам ёмон жарангламайди”.

Муҳаббат Қурбонова: “Илгарилари турмушга чиқсам, албатта турмуш ўртоғимнинг фамилиясига ўтаман, деб орзу қилардим. ФҲДЁ бўлимига ариза бераётганда, ҳеч иккиланмай, фамилиям ўзгаришига рози бўлганман. Ҳозирги фамилиям Ғуломова. Аммо фамилиям ўзгарганини айтган бўлсам-да, исмимни эълон қилишаётганда ҳалигача Муҳаббат Қурбонова деб саҳнага таклиф этишади. Янги фамилиям билан чақириш ноқулай бўляпти, шекилли”.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!