АҚШнинг ғалати никоҳ қонунлари

17:25, 11 июль

АҚШнинг никоҳ тўғрисидаги қонунлари бошқа ҳеч қайси мамлакатда учрамайди, бу ҳатто америкаликларнинг ўзлари учун ҳам кулгули саналади, дейди “Сosmo.ru” нашри.

Қуйида АҚШнинг баъзи бир штатларида қабул қилинган қонунларни эътиборингизга ҳавола этамиз. Бу қонунларни бошқа штатларда яшовчилар латифа тарзида айтиб юришади. 

1. Эр ва хотин ёнма-ён, кийимсиз ётиши тақиқланади
Массачусетс штатининг Салем шаҳри XVII асрларда аёлларни ялмоғизликда айблаб, суд қилишда донг чиқарган шаҳарлардан биридир. “Салем ялмоғизлари” ўлимидан кейин оқланган. Орадан шунча вақт ўтишига қарамай, бу қонунларнинг таъсири бизнинг замонгача етиб келган. Масалан, эр ва хотин ўзларининг шахсий уйидан бошқа жойда ёнма-ён ва кийимсиз ётиши тақиқланади. Қонун расман тан олинган бўлса-да, меҳмонхонада ёки ижара уйда ётган эр-хотинлар дорга тортилмайди.

2. Келин-куёв ўрнига унинг вазифасини дублёр бажариши мумкин
Тўй, тантана маросимида ўзини ноқулай сезган йигит баъзан тўй тугагунча ўрнига кимдир  ўтиришини ҳам хоҳлаб қолади. Бундай имконият Монтана штатида яшовчи ҳарбийларда мавжуд. Бу ерда ҳарбий хизматда бўлган йигит ва қиз тўйда қатнашиш имкониятига эга бўлмаса, ўрнига ишонган одамини қўйиши мумкин. Келин-куёв вазифасини бажараётган йигит ва қиз тантана тугагунга қадар бу ролни бажаради. Албатта, қонун илк никоҳ кечасига тааллуқли эмас.

3. Баҳслашиб уйланиш мумкин
Агар дўстларингиз билан баҳслашиб, ҳазиллашиб уйланмоқчи бўлсангиз, буни АҚШнинг Делавэр штатида амалга оширишингиз мумкин. Бу штатнинг қонунларида баҳслашиб никоҳдан ўтилган бўлса, уни бекор қилиш муаммо туғдирмайди.

4. Алдаб, ташлаб кетиш тақиқланади
Жанубий Калифорнияда йигитнинг ваъда бериб, уйланмаслиги тақиқланади. 16 ёшдан ошган йигит бирор қизни уйланаман деб алдаб кетса, бир йилдан ортиқ  муддатга қамоққа олинади.

5. Қариндош рафиқа
АҚШнинг Юта штатида қариндошлар ўртасидаги никоҳ келин-куёвнинг ёши 55 ёшдан юқори, фарзанд кўриш имконияти бўлмаса, рухсат этилади. Бу қонуннинг қабул қилинишига  қариндошлар ўртасидаги никоҳдан ногирон болалар туғилишининг олдини олиш ва иқтисодий омиллар сабаб бўлган.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!