Дунёда фавқулодда вазиятлар туфайли 600 минг киши ҳалок бўлган

11:24, 12 июль

Ер юзида кузатилаётган глобал иқлим ўзгаришлари, инсониятнинг табиатга салбий таъсири оқибатида кўпайиб бораётган экологик муаммолар, баъзи минтақалардаги эпидемиологик беқарорлик ҳар бир давлат олдига фуқаролар муҳофазасига доир муҳим вазифаларни қўймоқда. Бирлашган Миллатлар Ташкилоти маълумотларига кўра, охирги 20 йил ичида дунёда фавқулодда вазиятлар туфайли 600 минг нафардан зиёд киши ҳалок бўлган. Табиий офат, техноген ва экологик хусусиятли талафотлардан жабр кўрган ҳамда бошпанасиз қолган инсонлар эса 4 миллиарддан ортиқни ташкил этади.

Истиқлолнинг илк кунлариданоқ республикамиздаги Фуқаро мудофааси штаби ва унинг жойлардаги бўлинмалари қайта кўриб чиқилиб, фуқаро муҳофазаси тизимига айлантирилганини таъкидлаш жоиз. Дастлаб мазкур тизим Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги таркибида Фуқаро мудофааси ва фавқулодда вазиятлар бошқармаси сифатида фаолият кўрсатган бўлса, давлатимиз раҳбарининг 1996 йил 4 мартдаги Фармонига биноан, ушбу бошқарма негизида Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ташкил қилингани соҳа ривожида янги саҳифани очди.

Ўтган 20 йил мобайнида вазирлик томонидан аҳоли ҳаёти ва саломатлигини сақлаш, фавқулодда вазиятларнинг олдини олиш ҳамда оқибатларини бартараф этиш борасида давлат сиёсатини юритиш, фуқаро муҳофазасига раҳбарлик қилиш, вазирликлар, идоралар, маҳаллий давлат органларининг ушбу йўналишдаги фаолиятини мувофиқлаштириб бориш мақсадида аниқ, кенг кўламли вазифалар изчил рўёбга чиқарилди ва бу жараён барқарорлик касб этмоқда. 

Буларга мос равишда, тизимнинг моддий-техника таъминоти бутунлай янгилангани яна бир эътиборли жиҳатдир. Юртимиз ва минтақаларимиз даражасида ташкил этилган ҳаракатчан авария-қутқарув, сувда-қутқарув, радиатсион-кимёвий ва биологик муҳофаза гуруҳлари барча турдаги хавфли табиий ҳодисалар ҳамда техноген ҳалокатлар, трансчегаравий кўринишдаги фавқулодда вазиятларга қарши чора-тадбирларни тезкор ва самарали амалга ошириши учун энг илғор қутқарув ускуналари “Holmatro”, “Scubapro” қутқарув ускуналари, махсус транспорт ҳамда техникалар билан таъминланди. Қутқарув автомашиналари жаҳон стандартларига жавоб берувчи транспорт воситаларига алмаштирилди.

Қувонарлиси, бугунги кунда тизимда фойдаланилаётган махсус тезкор авария-қутқарув транспортларининг қарийб 60 фоизи Самарқанд, Андижон ва Хоразмда ишлаб чиқарилган “Исузу”, “МАN”, “Дамас” автомобилларидан ташкил топган. Махсус жиҳозланган бундай машиналар Фавқулодда вазиятлар вазирлиги буюртмаси асосида илк маротаба 2011 йилда синов тариқасида ишлаб чиқарилган бўлиб, ўтган вақт мобайнида миллий автомобилсозлик саноати маҳсулотлари барча стандартларга жавоб бериши ҳамда ҳар томонлама қулайлигини намоён қилди. 

Ўтган йиллар мобайнида вазирликнинг ҳудудий бошқармалари, “Ўзгидромет” маркази, Геология ва минерал ресурслар давлат қўмитаси ҳамда маҳаллий ҳокимликлар ходимлари билан ҳамкорликда республикамиздаги сув тошқинлари, сел оқимлари ва кўчки хавфи мавжуд ҳудудлар ўрганиб чиқилди. Хавфли ҳудудлардаги вазиятни назорат қилиш мақсадида, республика бўйича назорат-кузатув постлари ташкил этилиб, улар зарур алоқа воситалари билан таъминланди.

Қиш мавсумида довон йўли ҳудудида оппоқ қорли тоғлар чўққисидан қуёшнинг заррин нур сочиб турганини кўрсангиз, зум ўтмай, қуёшли лаҳзалар қаҳратон изғиринга, қор бўронига айланиши мумкин. Натижада йўлларнинг қор билан қопланиши, улкан қоялар устидан қор кўчкиларининг ўпирилиб тушиши билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар хавфи юзага келади. Шу нуқтаи назардан, вазирлик томонидан эҳтимолий фавқулодда вазиятларда фуқароларга зарур кўмак бериш мақсадида довоннинг энг баланд қисми (“Тошкент – Ўш” йўлининг 173 киломметри)да «Қамчиқ» қидирув-қутқарув отряди фаолияти йўлга қўйилди.

Тоғликлар ёнбағрида Фавқулодда вазиятларда уларнинг олдини олиш ва ҳаракат қилиш давлат тизимига кирувчи вазирлик ҳамда идоралардан тузилган механизациялашган гуруҳлар кечаю кундуз иш олиб бормоқдалар.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!