Москва масжиди имоми уй қамоғида сақланмоқда

11:27, 13 июль

Москвада жойлашган масжид имоми Маҳмуд Велитов 27 августгача уй қамоғида сақланади, деб хабар берди “Vesti.ru” нашри. 

“Ҳилол” хайрия жамиятининг раиси ҳисобланган Маҳмуд Велитовнинг устидан Москванинг Бутир суди шундай ҳукм чиқарди. Диний арбоб экстремизмда айбланмоқда.

Суд мобиль, уй телефонидан, ижтимоий тармоқдан фойдаланишни, жиноий ишда иштирок этаётган фуқаролар билан мулоқотда бўлишни, жўнатма, хат, телеграмма, телефонограмма жўнатишни имомга тақиқлаб қўйган. 

Унга фақат рафиқаси, тергов органлари ва касаллиги, жарроҳлик операциясини бошдан кечирганлиги сабабли тиббиёт ходимлари билан мулоқот қилишга рухсат берилган. Унинг адвокати Дагир Хасавов суддан ҳимояси остидаги Маҳмуд Велитовга тоза ҳаво зарурлиги туфайли дала ҳовлига боришга рухсат беришни талаб қилди, аммо унинг бу талабини суд инобатга олмади. 

Велитовнинг адвокати суд қароридан норози бўлиб, шикоят аризасини киритди. 

Маҳмуд Велитовнинг уйида ва Хачатурян кўчасида жойлашган “Ярдям” масжидида тинтув ўтказилган. Маҳмуд Велитовни Россия ИИВга қарашли Москва экстремизмга қарши кураш бош бошқармаси ходимлари экстремизмни тарғиб этувчи диний адабиётларни тарқатганликда ва экстремистик фаолиятда айблаб, қўлга олган.

Тергов ишлари натижасида кенгаш раиси ва диний ташкилот имоми Маҳмуд Велитов 2013 йилнинг 23 сентябрида масжиддаги намоз вақтида “Ҳизбут-Таҳрир-ал-Исломий” террорчилик гуруҳи аъзоларидан бирини оқлаб, оммага нутқ сўзлаган. Унга нисбатан РФ ЖКнинг 205.2 –моддаси 1-қисмига асосан жиноий иш қўзғатилган (“Терроризмни  омма олдида оқлаш”). Маҳмуд Велитов унинг сўзларини ҳар хил маънода талқин қилиш мумкинлигини тан олди.

“Ижтимоий тармоққа қўйилган тўртта ролик мени экстремистларга шерикликда айбламоқда”, деди имом.

“Ҳамма томонлама чегараланиб, дунё билан алоқаси узилган диндор одам тинч қўйишлари учун йўқ айбини тан олиши табиий ҳол. Шунинг учун ҳам Маҳмуд Велитов қисман айбини тан олди”, деди адвокат Дагир Хасанов.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!