“Локомотив” футбол клуби Бойсун туманида ўз мактабини очди

11:37, 13 июль

“Ўзбекистон Темир йўллари” акционерлик жамияти ҳамда “Локомотив” футбол клуби раҳбарияти келажагимиз бўлган ёшларимизга нафақат Тошкент шаҳрида, балки республикамизнинг чекка жойларида ҳам давлат дастури ижросини таъминлаш йўлида кенг кўламли ишлар олиб бормоқда.

Вилоятда юртимиз шарафини ҳимоя қиладиган муносиб футболчиларни етказиб бериш учун “Локомотив” футбол клуби Сурхондарё вилояти, Бойсун туманида ўз футбол мактабини очди. 10 июль куни яқинда ёш болалар учун фойдаланишга топширилган “Gaza” ўқув-машғулот меҳмонхона комплексида “Локомотив” болалар-ўсмирлар футбол мактабининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.

Мактабнинг очилишида Локомотив” болалар мактаби 2004 ва 2006 йилларда туғилган тарбияланувчилари билан бирга ташриф буюрди ва шу ерда таълим олишни бошлаган ўз тенгдошларига қарши бир неча ўртоқлик учрашувларида майдонга тушдилар.

Янги очилган футбол мактаби ўқувчилари “Локомотив” клуби томонидан ажратилган спорт кийимлари ҳамда футбол тўплари билан таъминланди. Шу билан бирга футбол мактабимиз тарбияланувчилари Бойсун туманида жойлашган диққатга сазовор жойлар – “Омонхона” ва “Дарбанд” дам олиш масканларида бўлиб мароқли ҳордиқ чиқардилар. “Локомотив” футбол клуби бундан буён йилда икки марта бу ерда йиғин ва мусобақа ташкил этишни ўз олдига мақсад қилиб қўйди.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!