Италияда рўй берган темирйўл ҳалокатида 27 киши ҳалок бўлди

13:46, 13 июль

Италия жанубида юз берган темирйўл ҳалокати оқибатида қурбонлар сони 27 нафарга етди, дея хабар берди “Vesti.ru” нашри.

Икки поезд тўқнашиши оқибатида 50дан ортиқ йўловчи тан жароҳати олиб, касалхонага тушган. Ҳалокат 12 июль куни Бари шаҳри атрофида рўй берган. 

Қидирув ишлари давом этмоқда. Қутқарувчилар мажақланган вагонларни кесиб очмоқдалар, бир неча одам бедарак йўқолган деб ҳисобланмоқда. Фалокат юз берган жойга Италия бош вазири Маттео Ренци етиб келиб, жабрланганларнинг, ҳалок бўлганларнинг яқинларига таъзия изҳор қилди.

Ҳалокат юз беришига икки нарса сабаб қилиб кўрсатилмоқда, биринчиси автоматиканинг ишдан чиқиши бўлса, иккинчиси инсон омили деб тахмин қилинмоқда. Терговчилар оғир тан жароҳати олса-да, омон қолган машинистнинг кўрсатмаларини кутмоқда.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!