GM Uzbekistan фаолияти тўғрисидаги ОАВ хабарларига раддия билдирди

10:38, 14 июль

GM Uzbekistan ўзбек-америка қўшма корхонаси матбуот хизмати бир қатор оммавий ахборот воситаларида эълон қилинган миллий автомобиль саноати атрофидаги вазиятга алоқадор мақолаларга жавоб тариқасида навбатдаги баёнотини тарқатди. 

«Газета.uz»га келиб тушган баёнотда «нотўғри ва очиқчасига ёлғондан иборат хабарлар» инкор этилиб, келгусида йирик саноат корхоналаридан бирини жамоатчилик кўз ўнгида обрўсизлантиришга барҳам берилишига умид билдирилган.

«GM Uzbekistan АЖ бошқаруви замонавий корпоратив усуллар ва стандартлар асосида амалга оширилади, — дейилади баёнотда. — „Ўзавтосаноат“ акционерлик компанияси раҳбарияти „Женерал Моторс“ корпорацияси вакиллари билан биргаликда корхона кузатув кенгашида иштирок этиш йўли билан ҳамкорликда ривожланишнинг стратегик йўналишларини ҳал этишда қатнашади ва ҚКнинг доимий операцион фаолияти билан шуғулланмайди».

Мурожаатда қайд этилишича, GM Uzbekistan автомобиль ишлаб чиқарувчиси ҳисобланиб, автомобилларни Ўзбекистон Республикаси ҳудудида ҳам, унинг ташқарисида ҳам сотиш бўйича бевосита фаолият олиб бормайди. Автомобилларни сотиш фаолияти билан масъул дистрибьюторлик ташкилотлари шуғулланади.

«Умумқабул қилинган жаҳон амалиётига мувофиқ, дистрибьюторлик ташкилотлари савдони молиялаштириш амалиётини турли хил тижорий банклар ва молиявий ташкилотлар кредитлари ва қарз воситаларини жалб этган ҳолда амалга оширади. Бундан ташқари, савдони молиялаш манбаларини қабул қилишда дистрибьюторлик ташкилотлари фақатгина қонуний, умумқабул қилинган механизмлари ва воситалардан фойдаланади. Турли хил мақолаларда эса ҳақиқатга зид равишда Ўзбекистон Миллий банки ана шундай келишувлар кафолатчиси экани айтиб ўтилган», — дейилади компания баёнотида.

«GM Uzbekistan`нинг РФдаги дистрибьюторлари — „УзДЭУ Авто Воронеж“ ва „Узавто Рус“ таъсисчилари таркибида ҳеч қандай хусусий шахслар мавжуд эмас. „Ўзавтосаноат“ АК, GM Uzbekistan ёки уларнинг таъсир кўрсатувчи компаниялари ҳам таъсисчилардан эмас. Шу каби мақолаларда тилга олинган „Академия УзДЭУ“ МЧЖ на „Ўзавтосаноат“ АК, на GM Uzbekistan`га алоқадор эмас», — дейилади баёнотда.

«Биз муқаддам экспортга жўнатилиб, сўнгра Ўзбекистонга ноқонуний йўллар билан қайта олиб келинган автомобилларнинг ички бозорда сотилиш „схемаси“ ҳамда ушбу мақсадларда фойдаланилган қўшни давлатларнинг чегарадош ҳудудларидаги сақлаш жойлари тўғрисидаги хабарларни яна бир бор қатъий инкор этамиз. Уларда нафақат GM Uzbekistan, балки бошқа давлат ташкилотлари ҳам мутлақо асоссиз ва далилсиз айбланган», — қайд этилади компания матбуот хизмати баёнотида.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!