Тошкентда яна бир янги масжид қурилиши бошланди

10:42, 14 июль

Тошкент шаҳри Мирзо Улуғбек туманидаги “Олтинтепа” жоме масжидининг янги биноси 2016 йил 1 февралдаги Тошкент шаҳар ҳокимлигининг қарорига асосан “Авайхон” кўчасида ажратилган ер майдонида шаҳарсозлик меъёрлари ва қоидаларига мувофиқ қурилиш ишлари бошланди.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ташаббуси билан бунёд этилаётган ушбу масжид учун тайёрланган лойиҳага кўра, ҳашаматли, намозхонлар учун жуда қулай ва шинам бўлишига алоҳида эътибор қаратилган.

Таъкидлаш жоизки, қурилиш ишларига энг моҳир уста ва муҳандислар жалб этилган. Бундай эзгу ишга ҳисса қўшиш истагидаги қурувчилар ўз маҳоратларини кўрсатиб, бор куч-ғайрат билан меҳнат қилишмоқда. Зеро, масжидни обод этишнинг савоби улуғ экани Ислом манбаларида баён қилинган.  Бу ҳақда Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан бундай ривоят қилинган: “Ким масжидда битта чироқ ёқса, ўша чироқнинг нури ўчгунича фаришталар у кишининг ҳаққига истиғфор айтиб турадилар”.

Дарҳақиқат, масжидлар ободлиги юрт ободлигидир. Зеро, масжидга ибодат қилиш учун келган халқимиз она-Ватан тинчлиги, халқ осойишталигини сўраб, дуо қилишади. Бу дуоларнинг шарофати ила Яратган юртимизни янада фаровон қилади, неъматларини янада зиёда қилиб беради.

Азим пойтахтимизда қад ростлаётган ушбу жоме масжид, халқимиз учун жуда катта туҳфа бўлади, деб ёзади “Олтинтепа” масжиди имоми И.Зуҳриддинов.

Диққат, диққат! "Даракчи"нинг Telegram’даги расмий каналига аъзо бўлиб, янгиликлардан баҳраманд бўлинг!